Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ ишларни босқичма-босқич жорий қилишда муҳим дастурлардан бири бўлди.

Унга кўра, 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йил охиригача Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилса, 2023 йилдан бошлаб, тажриба-синов ишлари юртимизнинг бошқа ҳудудларида бошлаб юборилади.

Айни вақтда давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ ишларни босқичма-босқич жорий этиш борасидаги ишлар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида бошлаб юборилган.

Сирдарё тажрибасини ўрганиш, уни амалиётга жорий этиш мақсадида яқинда Тошкент вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт бирлашмалари вакиллари ташриф буюрган бўлса, бугун Фарғона ва Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари бош шифокорлари бошчилигидаги мутахассислар Сир­дарёга келишди.

Улар ташрифи давомида Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-оилавий поликлиника ва кўп тармоқли марказий поликлиникада бўлди. Давлат тиббий суғуртаси тизими асосида жорий этилган ва амалга оширилган ишлар ҳамда аҳолини рўйхатдан ўтказиш, улар реестрини юритиш, врач, врач олд хонаси унда ишлаётган оила шифокори ва амалиётчи ҳамшира фаолияти билан яқиндан танишди.

Қолаверса, ташриф давомида 4-оилавий поликлиника ва кўп тармоқли марказий поликлиникага ташриф буюрган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиб, улар муносабатини ўрганди. Қолган масалалар юзасидан эса, Давлат тиббий суғуртаси вакиллари ҳамда Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисларидан атрофлича маълумот олишди.

Бу эса, улар фаолиятида Сирдарё тажрибаси асосида ўз ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси билан боғлиқ ишларни жорий этишда ва аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишда жуда қўл келади.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.