Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Қосимов йиғилишни очар экан, ҚВПда намунавий тарзда кўрсатилган ибратли ишлар барча тиббиёт муассасаларида ўз аксини топиши зарурлигини таъкидлади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларга эътиборни қаратди. Бирламчи тизим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг ўзига ҳос жиҳатлари ҳақида тушунча берди.
Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиали бўлим мудирлари Муҳаббат Дадабоева, Барчиной Аҳмедовалар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, тиббий ҳужжатлар юритиш тартибларига риоя этиш, аҳоли тиббий саводхонлигини ошриш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир ниҳоясида "Ўзбекистон-умумий уйимиз" шиори остидаги дастур намойиш этилди. Қишлоқда яшовчи рус ва қирғиз миллатига мансуб Нина Мамадалиева ва Майрамхон Норматовалар мамлакатимизда турли миллат вакиллари аҳил ва иноқ ҳаёт кечираётганликлари, халқимизнинг бағрикенглиги, юртимиздаги тинчлик-тотувлик ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Жонажон диёримизнинг янада гуллаб-яшнатиш, унинг равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги айтилди. Ҳушёрлик ва огоҳликни асло ёддан чиқармаслик муҳимлиги уқтирилди.