Вилоятимизда 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган улуғвор вазифалар ижросини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Чуст туманидаги "Биби она" зиёратгоҳида ташкилланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов аҳоли вакилларининг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш баробарида уларнинг мурожаатларини тинглаб, мавжуд муаммоларни ўз ўрнида ижобий ҳал этишга ҳаракат қилди. Вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг тажрибали мутахассислари эса саломатлигидан шикоят қилган ҳар бир кишини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб борди.
- Фуқаролар муаммолари билан самарали ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни "маҳаллабай" ўрганиш учун 70 кишининг мурожаати эшитилди, - дейди бошқарма бош мутахассиси Ғафуржон Каримов.
Хусусан, сайёр қабулдан сўнг туман шифохонасига 8 нафар бемор ётқизилди. Вилоят тиббиёт марказларида 43 нафар бемор даволанмоқда. 6 кишининг рўйхати Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари сайтига киритилди. Бошқа мурожаатларда кўтарилган масалаларга ҳам тезкор равишда ечим топишга киришилди. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳеч бир мурожаат беэътибор қолмайди.
Азимжон МАДАМИНОВ,
бошқарма Ахборот хизмати раҳбари.