Тарихдан маълумки, инсоният турли даврларда одамлар ҳаётига таҳдид солган ва қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлган ҳар хил хавфли ҳамда юқумли касалликларга қарши курашиб келган. Бу офатлардан омон қолишга эса ўз вақтида яратилган дори воситалари билан самарали эмланиш туфайли эришилган.
Наманган шаҳридаги "Ахсикент" меҳмонхонаси конференциялар залида ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкилланган "Covid-19" қарши кураш ва Миллий эмлаш жадвали бўйича иммунизация масалаларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда фикр юритилди. Унга республика ва маҳллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар таклиф этилди.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Наргиза Эгамбердиева коронавирус инфекцияси пандемияси давридаги таҳликали ҳолат ва ундан талофатсиз чиқиш учун кўрилган чораларга тўхталди. Анжуман қатнашчилари ўтган йиллар мобайнида бу манфур касаллик тарқалишининг олдини олиш ва аҳолининг эпидемиологик хабардорлигини таъминлаш мақсадидаги кенг қамровли фаолият, хусусан ўша паллада оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларнинг фаоллиги ошганлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, коронавирусга қарши вакциналаш давридаги тарғибот-ташвиқот ишлари самараси ўлароқ хавфли хасталикка жиддий ғов қўйилганлиги эътироф этилди.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси иммунологи Шерзоджон Латибжоновнинг таъкидлашича, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш билан қамраш ишлари жадал олиб борилмоқда. Вилоятда етти турдаги вакцина заҳираси мавжуд. Ҳозирги кунда бустер доза билан вакциналаш давом эттирилмоқда.
Матбуот анжуманида иммунизация тадбирларининг аҳамияти ҳақида яна бир карра тушунча берилди. Жаҳонда коронавирус пандемияси ҳамон тугаманлигини, қайсидир мамлакатларда касалланиш кўрсаткичлари яна ўсиб бораётганлигини эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Қолаверса, айрим давлатларда маймун чечаги тарқалаётганлиги ҳам огоҳликка ундаши айтилди.
Матбуот анжуманида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳоджон Мамадалиев сўзга чиқди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.