Тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар боис хизмат даражаси юксалмоқда. Амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар туфайли юртдошларимизга манзилли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Айни пайтда Сирдарё вилоятида қўлланилаётган, яқин йилларда бутун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этиладиган давлат тиббий суғурта тизими қандай натижалар беради?
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида кечган ноодатий йиғилишда бу ҳақда сўз борди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва бош ҳисобчилари таклиф этилди. Пойтахтимиз билан тўғридан-тўғри конференц-алоқа шаклида мулоқотга киришилди. Давлат тиббий суғурта жамғармаси раҳбарияти ZООМ тизими орқали илк анжуманни Наманган вилояти билан ўтказди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов йиғилиш аввалида Наманганда давлат тиббий суғуртасига ўтишга тараддуд қандай бораётганлиги ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, вилоятда тиббий хизмат кўсатишда янги тартиб ва қулайликлар яратадиган тизим олдидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, шифохоналарда инвентаризация ишлари олиб борилмоқда. Тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар ва мутахассислар билан таъминлаш мақсадида хатлов ўтказилди.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Зоҳид Эрматов ва мазкур жамғарма даволаш бўлими бошлиғи Шуҳрат Алимардоновларнинг чиқишларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда янги босқични бошлаб берадиган давлат тиббий суғуртаси тизимини амалиётга киритиш ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, Сирдарё вилояти тажрибаси асосида катта ҳажмда ташкилий ишларни тизимли олиб бориш зарурлиги айтилди.
Суғурталаш тизими жорий этилса, биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами янада ошади. Иккинчидан, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимоли камайиб, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имкони пайдо бўлади. Учинчидан, суғурта бозори ривожланади. Қолаверса, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, барча тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб борилади.
Давлат тиббий суғурта уч босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча тиббиёт муассасаларида жорий этилмоқда. Барча ишлар электронлаштирилган ҳолда, яъни электрон карталар, электрон поликлиникалар томонидан амалга оширилади. Бунинг натижасида бемор ва соҳа ходимлари ўртасида юз бериши мумкин бўлган ҳар хил тушунмовчиликларнинг олди олинибгина қолмай, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат тизими йўлга қўйилади.
Йиғилишда Наманганда ҳам давлат тиббий суғуртаси маблағлари асосида беморларни даволаш ишлари бошланганлиги маълум қилинди. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида 10 нафардан ортиқ имтиёзли тоифага кирувчи беморда юқори технологик жарроҳлик операциялар мазкур жамғарма кўмагида амалга оширилди.
Видеомулоқот якунида наманганлик тиббиётчилардан бир гуруҳи тажриба ошириш учун Сирдарё вилоятига юбориладиган бўлди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.