Мамлакатимиз тиббиёти соҳасида кечаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ соғлиқни сақлаш тизимида беқиёс ўзгаришлар жараёни бормоқда. Буни вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Яқинда вилоят эндокринология маркази мажлислар залида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда фикр юритилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиевнинг маърузасида 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Нотиқнинг қайд этишича, тиббий хизмат сифати ва даражасини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида бирламчи тизим имкониятлари, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўлами кенгаймоқда. Беморлар дардини енгиллаштириш учун қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари татбиқ этилди. Аҳолига манзилли тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ўсмоқда. Оналик ва болалик муҳофазасида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти.

Инвестиция дастури, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларидаги лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши баробарида соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник имкониятлари ривожлантириляпти. Тиббиёт масканлари янада кўркамлашиб, замонавий тусга киряпти. Уларни энг янги ва такомиллашган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга эътибор кучайтирилганлиги туфайли касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш кўлами ортиб бормоқда. Олис ва чекка ҳудудларда юздан зиёд "Маҳалла тиббиёт пунктлари"нинг очилишидан одамлар беҳад мамнун. Бу хайрли ишлар астойдил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш, одамларни тиббий хизматдан розилигига эришиш учун ҳали кўп иш қилиниши керак. Анжуманда журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларни ўртага ташлашди. Жумладан, травматология хизматини такомиллаштириш, шошилинч тиббий хизмат тараққиёти, туғруқхоналардаги муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ саволларга мутасаддилардан жавоблар олинди.

Матбуот анжуманида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни ошириш орқали аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.