Республика ихтисослаштирилган дермотовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти ҳудудий филиалида тўрт кунлик ўқув семинар-тренинг ўтказиш белгиланган эди. Унинг биринчи кунида марказнинг етакчи илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Раҳматов шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган ўндан зиёд дермотолог шифокорларга маҳорат дарсларини олиб борди.
Тадбирда "Псориаз касаллигида физиотерапевтик даво муолажаларига замонавий ёндошиш" ҳамда "Витилиго касаллигининг замонавий физиотерапевтик даволаш усуллари" мавзуларидаги маҳорат дарслари амалиёт билан уйғунлашган ҳолатда ташкилланди.
Анжуманнинг илк куниёқ маҳаллий шифокорлар учун тиббий кўрик шаклидаги маҳорат дарсида йигирмадан зиёд беморлар кўрикдан ўтказилиб, улар даволаниши учун аниқ ва муҳим муолажалар белгиланди.
Тошкентдан ташриф буюрган профессор иштирокидаги тиббий кўрикдан хабар топган норинлик Манзура опа Эргашева ҳам анча вақтдан бери безовта қилиб келаётган касаллигидан фориғ бўлиш учун тиббий маслаҳат олишга келганди. Унга юз ва қўлларидаги тошма ва доғлардан қутилиш тавсиялари профессор кўриги чоғида айтилгач, кўнглига чинакамига ёруғлик кирди.
Тўрт кунлик маҳорат дарсларида тиббиёт фанлари доктори, профессор Эгамберди Эшбоев "Псориаз ва витилиго касаллигини замонавий даволаш усуллари ва физиотерапевтик даво муолажалари", РИДВ ва КИАТМ директорининг ҳудудий филиаллар бўйича - ўринбосари Нурали Боймирзаев, марказнинг 2-дермотология бўлими врач дермотовенерологи Акмал Бурҳонов ҳамда Бактериология-лаборатория бўлими врачи Маъруфжон Мақсудовлар "Тери-таносил касалликларини даволашда мураккаб ташхислаш ва янги замонавий юқори технологик услубларни тадбиқ этиш" мавзуларида чиқиш қилдилар.
Меҳмон шифокорлар беморларнинг кўриги билангина чекланмай, олис тумандаги шифохоналар ҳолати билан ҳам яқиндан танишдилар. Янгиқўрғон туманлараро тери-таносил касалликлар диспансерининг лабораторияси иш фаолияти пойтахтлик малакали мутахассислар томонидан ўрганилди. Бу жараёнда мезбон шифокорларга муҳим тавсиялар берилди. РИДваКИАТМ тери ва таносил касалликлар эпидемиологик ҳолатни ўрганиш илмий лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эгамберди Эшбоев "Соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш профилактика муассасаларида жинсий органлар зарарланиши билан кечадиган таносил касалликлари ва жинсий йўл орқали юқувчи инфекцияларнинг олдини олиш тўғрисида" семинар ўтказди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.