1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам кенг нишонланди. Шифохонада даволанаётган қора кўзлар қалбига шодлик, хурсандчилик улашиш мақсадида тиббиёт маркази маъмурияти ҳамда шаҳримиздаги 1-ихтисослашган мактаб ташаббуси билан тадбир ташкил этилди. Уни бош шифокор Абдумалик Раҳмонов очиб, барча болажонларни байрам билан қутлади.
Мактабнинг Улуғбек Расулов раҳбарлигидаги 40 нафар истеъдодли ўғил-қизлари томонидан тайёрланган мусиқий дастур кичик беморларга намойиш этилди. Шўх-шодон куй-қўшиқлар, шеърлар айтилди, рақслар ижро этилди. Қисқа фурсат бўлса ҳам болажонларга мазмунли, қувончли онларни ҳадя этиб, уларнинг касаллик ташвишлари аритилди. Шифохонанинг ортопедия, жарроҳлик, кўз касалликлари, неврология, оториноларингология, кардиоревматология бўлимларида даволанаётган 120 нафар бемор ўғил-қизлар кечадан ғоят мароқли таассуротлар олдилар.
Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги вилоят болалар кутубхонаси жамоаси вакиллари ҳам ушбу тадбирга ўз совғалари билан ташриф буюришди. Тадбир сўнггида шеърлар ёд айтган болажонларга ранг-баранг китобларни туҳфа этишди.
- Ўтказилган байрам кечаси ҳар бир боланинг эртароқ тузалишига маънавий ва руҳий жиҳатдан туртки бўлади, албатта. Даво истаб келган ҳар бир бола тезроқ соғайиши учун биз тиббиёт ходимлари доимо астойдил хизматдамиз, - дейди шифохона бош ҳамшираси Дилдора Маматхонова.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.