Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун "Соғлиқни сақлашда менежмент-2022" шиори остида тўртинчи халқаро анжуман ўтказилди. Тиббиёт соҳасида менежментни ривожлантириш, бошқарувда раҳбар кадрлар салоҳиятини кучайтиришга эришиш ва бу борада ўзаро тажриба алмашиш конференциянинг бош мақсади эди.
Анжуманга кўплаб давлатларнинг етакчи клиникалари раҳбарлари, таниқли олимлар, экспертлар, халқаро миқёсдаги иқтисодчилар таклиф этилди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ҳам иштирок этди.
Ялпи мажлисда таниқли олим ва амалиётчиларнинг чиқишлари тингланди. Секциявий машғулотларда ҳам соҳа равнақига эришиш омиллари ҳақида фикр юритилди. Дастурдаги маъруза ва чиқишлар ниҳоясига етгач, амалий ишга киришилди. Ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Шу тариқа Москва давлат тиббиёт ва стоматология университети билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов Қалмиқ Республикаси Элиста шаҳридаги Жумчуева номли республика касалхонаси бош шифокори Александр Калаев билан музокара олиб борди.
- Калмиқда рентгенэндоваскуляр хирургия йўналиши, айниқса нейроинтервенция соҳаси яхши ривожланган. Нейрохирургияда юқори технологик интервенцион амалиётлар кўп бажарилади. Шу йўналиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоладик. Энди мутахассисларимиз Жемчуева номли шифохонага бориб малака оширишади, улар эса бизга келишади, ўзаро тажрибалар билан ўртоқлашамиз, - дейди Солижон Мўминов.
Халқаро анжуман доирасида Сочи шаҳридаги бирламчи тизим тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишилди. Соҳани бошқариш усуллари ва молиялаштириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди. Поликлиникаларда электрон навбат ташкил этилган. Беморлар учун қулай шароитлар яратилган. Кардиологик хизмат намунали йўлга қўйилган. Холтер ЭКГ, жисмоний зўриқишда юрак фаолиятини ўрганиш қурилмаларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу тажрибаларни Ўзбекистонда жорий қилиш юрак-қон томир касалликларини даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Сочига ташриф вакилимиз учун ғоят самарали кечди. Конференция якунланиши арафасида рус ҳамкасблари билан яна бир келишувга эришди. Бу гал Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт таълимини ривожлантиришни таъминлаш бошқармаси билан тузилган меморандумга вазирлик лойиҳавий офиси раҳбари ўринбосари Елена Григорьевна Василкова имзо чекди.
Шундай қилиб, икки давлат тиббиётчиларининг саъй-ҳаракатлари билан соғлиқни сақлаш борасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига тамал тоши қўйилди. Умид қиламизки, бу ғоя ва мақсадлар яқин орада амалиётда ўз тасдиғини топади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.