Ўз-ўзидан савол туғилади: "Улар кимлар экан?", "Нега, ўзларида шифокорлар йўқмиди?", "Қандай қилиб, ўзга юрт фуқаролари ўлим чангалидан қутқариб қолинди?"
Биз шу саволларга ойдинлик киритиш учун халоскорлар ҳузурида бўлдик. Ниҳоят соғайтирилган она, бир неча кунлик кома ҳолатидан чиқиб, ҳушига келган бола юзларида табассум кўрдик. Тожикистонликларни мўъжизали муолажа Наманганда кутиб турган экан. Бундай бўлиши оила бекасининг етти ухлаб тушигаям кирмаган эди аслида. Ҳаёт эса тасодифларга, кутилмаган кўргилигу кутилмаган қувончларга тўла экан-да.
Аввало, аянчли воқеалар Ўзбекистондан ташқарида рўй берган. Тожикистон жумҳурияти Сўғд вилояти Ашт ноҳиясидаги Ошоба қишлоқ жамоатида яшовчи Салимовлар Рамазон ҳайити куни оилаларида байрамона дастурхон тузашади. Егуликлар қаторига ўтган йил кузда ғамланган тузламали банкалардаги иштаҳа очар маҳсулотларни ҳам қўйишади. Эртасига эса ҳовлидаги экинларнинг шираси ва зараркунанда ҳашаротларига қарши кимёвий дори эритмасини пуркашади. Бу ишни турмуш ўртоғи Россияга ишга кетган Дилоромхон етти ёшли ўғилчаси Самандар билан бирга бажаради. Неча бор "Нари тур, нари тур" дейишига қарамай, беш яшар Фирдавс ҳам ёнида юраверади. Кечга бориб, кичик ўғилчасининг, эртасига каттасининг, сўнгра ўзининг ҳам иситмаси кўтарилади. Бироқ, "ўтиб кетар" деган хаёлда шифокорга учрашишга шошилмайди. Кейин аҳволлари танглашгач, отасини телефонда ёрдамга чақиради. Мамажон Ҳакимов ўша заҳоти енгил машинасида етиб келади, қизи ва набирасини Аштдаги шифохонага олиб боради.
- Кеча экинларга дори сочгандик, иси ёмон экан, элитиб қолди чамаси, - дея аранг шивирлай олди Дилором.
Врач ўзича "Улар фосфор органик моддадан заҳарланибди", деб тахмин қилади-да, шунга қарши даво чораларига киришади. Орадан икки уч кун ўтса ҳамки, муштипар аёл ва икки ўғлида ижобий ўзгариш ўрнига уларнинг аҳволи баттар ёмонлашди. Ҳатто беш ёшли Фирдавс ҳушидан кетганича кўзини қайта очмади. Шифохонада жон беради. Заҳарланганларнинг яқинлари энди талвасага тушиб қолишади. "Наҳот оғир аҳволдаги онаси-ю, катта ўғли ҳам..." Улар мияларига келган ўйдан даҳшатга тушишади. Тезда ё вилоят маркази, ё Республика пойтахтидагилардан нажот қидиришга уринишади. Она ва болани юклаб олган машина, уларнинг ортидан яқинлари тун бўлишига қарамай йўлга тушади. Чегара пунктига етиб келишгач, икки мамлакат фавқулодда ҳодисалар вазирлиги мутасаддилари уларнинг ҳаётини асраб қолиш учун энг яқин ва энг ишончли шифо масканига етказиш зарур деган қарорга келадилар.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига бир соатдан мўлроқ йўл босилгач, беморлар етказилади. Ўшанда тунги 24 эди. Қабулхонада зудлик билан врачлар текшируви бошланди. Ҳушсиз Самандар болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимига олинди. Ҳолат жиддий. Олий тоифали врач Дилмурод Мамадалиев дастлабки шошилинч тиббий ёрдамини бошлади. Комадан чиқариш йўлларини қидирди. Беморнинг "Кўчирма" қоғозидаги заҳарланиш қайд этилган ёзувларни ўқигач, боши янада қотди. Ниҳоят тажрибали токсиколог-врач Баҳромжон Аҳмаджонович кириб келди. Қараса, вазият ўта қалтис: болада ютиниш йўқ, кўриш йўқ, мустақил нафас олиш ҳам йўқ ҳисоби. Диплопия бульбар синтоматика. Барчаси заҳарланиш белгилари. Шу пайт мутахассиснинг хаёлига онаси келиб қолди. Бирга заҳарлангани учун уни ҳам текшириш ташхисга янада аниқлик киритиши мумкинлигини назарда тутди. Қабулхонага тушиб борди. Аёл ҳам оғирлашиб бораётганди.
- Кимёвий дори аралашмаси ҳидидан заҳарланиш бунчалик оғир кечмайди, сиз банкага беркитилган тузлама маҳсулот еганга ўхшайсизку, - деди у.
- Ҳа, болаларим билан...
Дўхтирнинг биргина эътирозию, биргина саволи ташхис тўла тасдиқланишига кифоя қилди.
- Онасини тезда терапевтик реанимацияга олиш керак, кечикиш асло мумкин эмас!
Бир тарафда онасидаги, яна бир тарафда боласидаги ботулотоксик инфекцияга қарши курашга зудлик билан киришиб кетилди. Натрий-хлорга А, Б, Е зардоблари қўшилиб, томирдан томчилатиб юбориш схемага мувофиқ кунма-кун изчил олиб борилди.
Анестезиолог-реаниматолог Дилмурод Муродиллаевич Самандарни ИВЛ аппаратига улади. Лор врачи Аҳмадулло Тожибоев билан сунъий нафас киритиш учун боланинг бўйинолди трахеясидан туйнук очиб, найча ўрнатди. Ўпкасини кетма-кет тозалаб, санация қилиб туриш ҳам унутилмади. Охири тўртинчи куни Самандарга "жон кирди", комадан чиқа бошлади. Ўнинчи кундан, кўришу ютиниши тиклана борди...
- Кичик ўғилчамдан айрилганим етмай, иккинчисиниям йўқотишга бир баҳя қолганида ҳаётим гўёки даҳшатли тушга ўхшаб кетди. Бағоят оғир чоғларда жонларимизни наманганлик шифокорлар сақлаб қолишди. Шундай меҳрибон, инсонпарвар, фидойи ўзбеклардан умрбод миннатдормиз, - дейди эндигина ёстиқдан бош кўтариб, боласи соғлом эканидан хабар эшитган муштипар аёл Дилором Салимова.
РШТЁИМ Наманган филиалининг ўз ишига моҳир, билимдон, зукко ва уддабурон шифокорлари қўшни мамлакат фуқароларининг ҳам олқишларига сазовор бўлишди. Мана, қўлимизда "СИПОСНОМА" мукофотонида мешавад:
"Мен, Салимов Давлат - Тожикистон жумҳуриятининг Сўғд вилояти Ашт ниҳоясидаги Ошоба қишлоқ жамоати фуқароси Наманган вилоятидаги РШТЁИМ филиали шифокор мутахассислари, - муҳтарам А.Алижонов, Ҳ.Устабоев, Б.Мавлонов, Д.Мамадалиев, И.Мадумаров, Б. Хўжаев ва тиббий ҳамшираларга келинимиз Дилором Салимова ҳамда набирамиз Самандар Салимовга бениҳоя ғамхўрлик кўрсатиб, уларни ҳаётга қайтариб берганлари учун чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. Илоҳо қўлларингиз дард кўрмасин, ҳамиша халқ соғлиғи учун ҳоримасдан курашаверинглар. Оилаларингиз бахтига ўзларинг ҳам соғу саломат бўлинглар! 25 май 2022 йил".
Бемор аёлнинг турмуш ўртоғи, бемор боланинг отаси Зоиржон Салимовнинг кўзларида жиққа ёш кўрдик. Бу ҳам аламдан, ҳам қувончдан эди. "Мен оиламиз кулфати ҳақидаги нохуш хабарни Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида туриб эшитдим. Ўша заҳоти Тожикистонга қайтдим, -дейди у ўкинч билан.- Кичик фарзандим Фирдавсни тупроқққа қўйдик. Яхшиям нажотни ўзбекистонлик шифокорлардан излабмиз. Бугун аёлим ва ўғлимнинг қайтадан соғу саломат бағримга босиш насиб этганига мингдан-минг шукурлар айтаман. Сизлардаги "Ён қўшни - жон қўшни" деган нақлнинг нақадар ҳаётий мазмунга эга эканини амалда яққол кўриб турибмиз. Дўстлигимиз ҳеч узилмасин, сизлардан ҳамиша қарздормиз".
Бизнингча, бу қарздорлик меҳр-оқибат қарздорлиги бўлиб, икки халқнинг дўстона ҳамкору ҳамнафаслигини ҳамиша барқарору бардавом бўлишини таъминлайверади.
Содиқ САЙҲУН.