Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти Кенгаши мажлислар залида мамлакат миқёсидаги икки кунлик кўргазмали ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши аппарати, ҳудудий Кенгашлари раислари ҳамда мутахассислари иштирок этишди.

Мазкур нуфузли тадбирни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти Кенгаши раиси Ҳасанбой Хўжаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовлар анжуман ишига муваффақиятлар тилашди.

Шундан кейин амалий машғулотларга киришилди. Ўқув анжумани дастурига мувофиқ "Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси IX Қурултойида белгиланган вазифалар ижроси ва келгусида бажариладиган ишлар" юзасидан Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев маъруза қилди. "Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг янги таҳрирдаги Устави ҳақида" Кенгашнинг ташкилий бўлими бош мутахассиси Дилором Тошматованинг маърузаси ҳам тингланди.

Кечга яқин барча Халқаро гуллар фестивалининг файзу тароватидан баҳраманд бўлди. Гўзаллик ва нафосат шодиёнасининг мўъжизакор жозибаси меҳмонларни лол қилди.

- Наманганда ўтаётган республика анжумани қатнашчиларда катта таассурот қолдирмоқда, - дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси Муяссар Қодирова. - Тармоқ касаба уюшмаси ишини янги босқичга кўтариш билан боғлиқ масалалар юзасидан батафсил тушунчалар бериляпти. Кенгашнинг янги таҳрирдаги Уставида белгиланган устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Наманганга ташрифимиз вилоятда кечаётган Халқаро гуллар фестивали кунларига тўғри келганлиги жуда ҳам қувонарлидир. Наманган ке­йинги йилларда бағоят ўзгариб кетибди. Юртимизнинг энг обод ва кўркам гўшаларидан бирига айланибди. Ҳайратдамиз. Умид қиламанки, ўқув семинарида ўрганганларимиз фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга турт­ки беради.

Анжуман давомида касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида олиб бориш юзасидан бафуржа фикрлашилди. "Касаба уюшмаларида мурожаатларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тартиби", "Жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари мазмун-моҳияти, тузиш тартиби" ва "Жамоа шартномалари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ва қабул қилинган жамоа шартномаларини рўйхатга олиш тартиби" бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, меҳмонлар наманганлик ҳамкасбларининг иш тажрибаси билан танишдилар. Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев кўргазмали воситалар асосида ибратли ютуқларини изоҳлаб берди. Ўзаро мулоқот ва давра суҳбатларида эса фаолиятни янада такомиллаштириш борасида кенгашиб олинди.

- Мамлакатимиз Бош қомусининг 59-моддасида "Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар..." деб белгилаб қўйилган. Анжуманда ана шу ифода этиш ва ҳимоя қилиш функцияларини тармоқ касаба уюшма ташкилотларида изчил бажариш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди ва фаолиятнинг энг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб берилди, - дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев.

Семинар баҳона ички туризм дастури ҳам амалга оширилди. Вилоятимизнинг диққатга сазовор қадамжоларига саёҳатлар уюштирилди. Жумладан, очиқ осмон остидаги "Ахсикент" музейи ва Ибрат ёдгорлик мажмуаси бориб кўрилди.

"Касаба уюшмасида иш фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш" мавзусидаги республика анжумани ишчан, натижадор ва эсда қоларли тарзда ўтганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, бу тадбир соҳа ишини янада фаоллаштириш сари қўйилган муҳим қадам бўлди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.