РШТЁИМ Наманган филиали мажлислар залида ҳуқуқий мавзуда йиғилиш ўтказилди. Унга тизимдаги барча даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва бош ҳисобчилари таклиф этилди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди ва кун тартибидаги мавзунинг ғоят муҳимлигига эътиборни қаратди.
Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Илёсжон Усмонов "Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари томонидан 2021 йил даврида коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётларини умумлаштириш якуни юзасидан Тақдимонаси" ҳақида маъруза қилди. Нотиқнинг таъкидлашича, коррупцион ҳолатларга оид жиноятларни содир этиш кўрсаткичлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларда аввалги даврга нисбатан кескин ортган. Ўзлаштириш ёки растарата қилиш йўли билан талон-тарож этиш, мансаб сохтакорлиги, пора олиш ва пора бериш каби жиноятлар шулар жумласидандир.
Ўрганишларга кўра, ўтган йили тизим ходимлари томонидан шу турдаги 31 та жиноят содир этилган. Шулардан 6 нафари бош шифокор, 2 нафари шифокор, 11 нафари бош ҳисобчи, 5 нафари иқтисодчи, 5 нафари бошқа тиббиёт ходимларидир.
Вилоят прокуратурасининг бўлим бошлиғи Бахтиёр Шодмонов коррупцияга қарши курашиш ва бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш мавзусида фикр юритди. Қайд этилишича коррупция ҳар қандай жамият тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир. Инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Шу боис ҳам мамлакатимизда бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Тегишли ҳуқуқий асослар яратилган.
Йиғилиш ниҳоясида Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг пора бериш билан боғлиқ суд мажлиси якуний босқичи сайёр тарзда ўтказилди. Икки нафар айбланувчига ҳукм ўқилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.