26 ИЮНЬ - ХАЛҚАРО ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Гиёҳванд моддаларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

1. Канопнинг турли навлари.

2. Опиум - афюн наркотиклари.

3. Кўкнори.

4. Наша - марихуана.

5. Галлюциногенлар.

Гиёҳвандлик касаллиги бир неча босқичда ўтади ва гиёҳванд моддага ўрганиб қолиш натижасида наркоманик синдром пайдо бўлади.

Биринчи босқич - гиёҳванд моддага руҳий мойиллик пайдо бўлиши, яъни эйфория, гиёҳванд моддани қабул қилиш доимий характерга айланиши, наркотикка қарши ҳимоя реакцияси пасайиши, аста-секин руҳий қарамлик - мойиллик пайдо бўлиши билан ажралиб туради. Наркотик модда бош миянинг барча бўлимларига таъсир кўрсатади ва бемор қайта-қайта ўта ёқимли ҳиссиётларга берилишни хоҳлайди ва доимий равишда наркотик истеъмол қилади.

Иккинчи босқич - руҳий ва жисмоний мойиллик ҳамда абстиненция, хумор синдроми пайдо бўлишидир. Наркотик моддага бўлган чидамлилик юқори даражага етади, енгиб бўлмас даражадаги ҳирс қўйиш, наркотиклар таъсирининг ўзгариши шахсий ўзгаришларнинг пайдо бўлиши билан кузатилади. Беморда компульсив хоҳиш, асабийлашиш, жаҳлдорлик, бош оғриқ, титраш, оёқ ва қўлларда оғриқ пайдо бўлади. Наркотикни истеъмол қилгач, юқоридаги ҳолатлар барҳам топади, лекин мазкур ҳолат маълум муддатдан сўнг яна такрорланади.

Учинчи босқич - наркотик моддаларга чидамлилик пасайиши. Улар таъсири фақат "тетиклаштириш" даражасига етади. Шунинг учун беморларда наркотик моддаларсиз "яшай олмаслик" хусусияти пайдо бўлади ва руҳий, соматик, оғир ижтимоий оқибатлар келиб чиқиши билан ифодаланади.

Атроф-муҳит аста-секин ўзгара бошлайди, ранглар хира тортади, иллюзия ва фантазиялар йўқолади, фикрлаш кескин сусаяди, қўрқув пайдо бўлади ва кайфият кескин ёмонлашади. Наша мастлигининг симптомлари қабул қилинган наркотик модданинг миқдорига, уни қанчалик тез-тез қабул қилинишига, шахснинг олий нерв фаолиятига боғлиқ бўлади. Нашадан ўткир маст бўлиш 1-3 соат давом этади ва оғир уйқу ёки бехоллик ва лоқайдлик билан тугайди. Нашани мунтазам қабул қилинганда 2-6 ойга келиб психик астения пайдо бўлади, хотира пасаяди, вақт ўтиши билан туйғу ҳиссиётлари хиралашади, апатия юзага келади, атрофдагилардан четга чиқиб қолади, таъқибланиш васвасаси пайдо бўлади.

Гиёҳвандлик дардига чалинган беморлар ақл-хушларини йиғиб, кучли иродаларига ишонган ҳолда, вақтида даволанишга келсалар, бу хавфли дарддан барвақт халос бўладилар. Ҳеч ким гиёҳванд бўлиб туғилмайди. Ота-оналар ўз фарзандларининг умри хазон бўлмасин десалар, уларни бу хавфдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқлари зарур. Бу борада нафақат ота-она ёки шифокорлар, балки барчамиз, маҳалла, жамоатчилик ҳамкорликда кураш олиб бормоғимиз лозим.

Жамолхон ШЕРАЛИЕВ,

вилоят бош наркологи.