Ижтимоий-тиббий ҳизматларни бажариш ҳар бир ходимдан катта масъулият ва меҳнат талаб этади. Чунки биз кексалар, якка-ёлғиз, ногирон инсонлар билан ишлаймиз. Уларнинг кўнглини олиш осон эмас. Аммо барча касбдошларимиз билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил харакат қилиб келмоқдалар. Ҳеч шубҳасиз, бу бизга хизмат даражасини янада оширишга кўмаклашади.

Жамоамизда йигирма нафар ходим меҳнат қилади. Улар ўзларига бириктирилган 170 нафар якка-ёлғиз ногиронлар ва пенсионерлардан белгиланган жадвал бўйича хабар олиб турадилар. Зарур тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Ўн кишига давлат томонидан ажратилган 19 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда. Қатор эҳтиёжмандлар махсус реабилитация воситалари - ногиронлик аравачалари, ҳасса, қўлтиқ-таёқ, эшитиш мосламалари билан таъминланди.

Айни пайтда туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-258-сонли қарори ижроси доирасида "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан секторлар кесимида "Темир дафтар"даги 165 та оиланинг 705 нафар оила аъзоларининг ҳар бирига 20 кг. дан жами 14,1 тонна ун тарқатилди.

Гулбаҳор АБДУРАҲИМОВА,

Учқўрғон туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш

бўлими бошлиғи