Мактабимиз сўнгги қўнғироқдан сўнг ҳувиллаб қолгани йўқ. Таътилга чиққан бошланғич синфларнинг ўқувчилари вакиллари билан ҳамон гавжум. Чунки, улар мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун мавсумий кундузги оромгоҳ ташкилланди. 150 нафар ўғил-қиз "Бинафша" бағрида мириқиб дам олишмоқда.
Аввало, болаларга икки маҳал дастурхон ёзиляпти. Ширин таомлар ва мевалар билан сийланишяпти. Ҳар куни маданий ҳамда спорт тадбирлари ташкилланяпти. Соя-салқин боғ ҳовлида эрталабдан то кечга қадар истиқбол эгаларининг шодон ўйин-кулгулари ҳукм сурмоқда.
Мактаб директори Анваржон Эгамбердиев, маънавий-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоҳидахон Ниёзоваларнинг ташаббуслари билан ўқувчиларимиз Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғига сайру саёҳатга олиб борилди. Болалар у ердаги анвойи гуллардан яратилган нафосат кўргазмаларини қизиқиб тамоша қилишди.
Оромгоҳимизнинг барча тарбиячилари ҳамиша фаоллик кўрсатишяпти. Гулмира Абдуллаева, Қундузой Ботирова, Дилдора Абдуллаева, Гулираъно Маҳкамова, Нодира Отабоева, Муаттар Аҳмадалиева, Садоқат Раҳимова, Муяссар Ҳожиева ва бошқаларнинг саъй-ҳаракатлари айниқса диққатга сазовордир.
Шунингдек, болаларнинг соғлиғи доимий эътиборда. Мактабимиз ҳамшираси Раҳбарой Деҳқонова ҳар куни эрталаб уларни тиббий назоратдан ўтказяпти, саломатлик ҳақида фойдали суҳбатлар ҳам уюштиряпти.
Биз эзгу ниятларимизга ҳисса қўшаётган Файзиобод маҳалласининг саховатпеша инсонларига ва устоз ҳамкасбларимизга жамоамиз ҳамда ота-оналар номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Муҳайё МУҲАММАДЖОНОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 24-умумтаълим мактаби
бошланғич синф муаллимаси, "Бинафша" оромгоҳи тарбиячиси.