ёхуд самарали сафардан сўнгги суҳбат
Наманган вилояти кейинги йилларда барча соҳаларда тараққиёт томон дадил бораётгани кўз ўнгимизда намоён. Айниқса, тиббиёт тармоғидаги ўзгаришлари оламшумул, десак ҳам ортиқча муболаға эмас. Инчунин, шу чоққача пойтахт - Тошкентдагина бажариб келинган қатор мураккаб жарроҳликлар эндиликда вилоятимизнинг ўзида муваффақиятли амалга оширилиб турибди. Бундай қулайлик ва имкониятлардан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламига мансублар бепул фойдаланаётгани ғоят қувонарли, ғоят муҳим ҳодисадир. Булар истиқлол ислоҳотларининг халқ манфаатларига уйғунлиги шарофатидан, албатта. Қолаверса, илм-фан ва амалиётда хорижий давлатлар билан ҳамкорликларнинг изчиллиги, самарадорлиги иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг етакчи омилига айланиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлашимиз жоиз. Яқинда - 10-14 май кунлари вилоятимиз делегацияси Австрия Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтганини фикримизнинг яна бир тасдиғи, деб ўйлаймиз. Биз гуруҳ аъзоси, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовни мулоқотга чорладик.
- Солижон Жалилович, одатда хорижга уюштириладиган ҳар бир сафардан кутилган мақсадлар бўлади. Аввало, шуни ойдинлаштириб ўтсангиз?
- Маълумки, давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва рағбати тиббий хизматни Ўзбекистонда жаҳон андозалари даражасига кўтаришга қаратилган. Бундай юксак мақомга эса дунё тажрибасини ўрганиш, қўллаш, икки томонлама манфаатли шартнома ҳамда меморандумлар асосида фаолият юритиш билан эришилади. Республикамизнинг барча вилоятларида бўлгани каби Наманганда ҳам шу тамойилга устувор аҳамият бериб келинмоқда. Тиббиётни ривожлантириш бўйича водийдагинамас, бутун Ўзбекистонда пешқадамлик қилиш нияти ва иштиёқининг тобора кучайиб бораётгани кўпчиликка маълум. Хусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан режаланган улкан вазифалар йилдан-йилга натижа касб этаётгани айни ҳақиқатдир.
Тўғри, вилоят ҳокимлиги олдида барча тармоқлар тараққиётини таъминлаш вазифалари бор, бироқ тиббиётга айрича эътиборни ҳамиша сезиб турамиз. Чунки, халқ соғ бўлсагина ҳаловатли яшайди, юрт учун унумли меҳнат қилади, иқтисодиётни мустаҳкамлашга изчил эришади. Бу гал вилоят ҳокими бошчилигидаги тўққиз кишилик гуруҳнинг асосий таркибини тадбиркорлар ташкил этгани ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий юксалишга дахлдор масалалар кўзда тутилганидан далолат бериб турарди. Ахир бу иш иккиси мамлакатимизда эгиз йўналиш ҳисобланади.
- Биламиз, ҳар бир тадбирнинг ибтидоси-ю интиҳоси бўлиши табиий. Сафарнинг бошланиши қандай кечди?
- Сешанба куни эрталаб Вена шаҳрига етиб бордик. Буни қарангки, у ерда илгаритдан катта тайёргарлик кўриб қўйилибди. Меҳмонхонага жойлашгач, оз фурсат йўл чарчоғини ёзишга қулай имконият яратишди. Тушликда Марио ресторанига зиёфатга таклиф қилишди. Ана ундан кейин мезбонлар билан белгиланган дастурга мувофиқ учрашув, мулоқот, тақдимот, келишув тадбирлари бошланиб кетди. Дастлабки куниёқ Австриянинг "Uni Credit" банки департаменти директори Донис Пигниттер билан учрашдик. У ерда Наманган кардиология маркази модернизацияси бўйича тақдимот маросими ўтказилди. Биз лойиҳани таништирдик. Яъни 2 та - Биплан ва Монаплан ангиограф аппаратини ўрнатиш режаси баён қилинди. Ҳар иккиси билан юрак-қон томир хасталигига чалинганларни текшириш ва томирнинг тиқилиш мавжудлиги аниқланган қисмига стенд қўйиш бажарилади. Ғоят нозик ва мураккаб ҳолатдаги операция жароҳатсиз уддаланади. Аниқроғи, бемор кўкрагига тиғ теккизилмасдан аорта томири орқали муолажа манзилига "етиб борилади", жараён мониторда кўриб бажарилади. Айни маҳалгача ҳам шундай амалиёт билан интервенцион кардиологларимиз шуғулланишяпти. Лекин модернизацияда кўзда тутилган аппаратлар энг мукаммали, энг замонавийси саналади.
Шунингдек, Америкада тайёрланган ЭФИ станцияси "Сен жут" жиҳозини олиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. У билан юрак маромининг бузилиши абляция қилиниб тикланади. Сунъий қон айланиш аппаратига буюртма берилди. Бу юракни вақтинча тўхтатиб турган вазиятда жарроҳлик амалиёт ўтказишга қулай имконият туғдиради. Қўшимча энг такомиллаштирилган реанимация жиҳозларигача келтириш чора-тадбирлар ҳам ўша учрашувда белгилаб чиқилди.
Дастлабки куннинг ўзидаёқ Қуйи Австрия Федераль ҳудудига ташриф буюрдик. Вице-губернатор Ёхе Данингер билан учрашдик. Ғоят фойдали мулоқотда ҳамкорликнинг муҳим томонлари муҳокама этилди. Жуда мақбул ечимларга эришилди.
- Ана шу келишувга эришилган ва имзоланган меморандумлар тиббиётнинг яна қайси соҳаларига тааллуқли бўлди?
- Учрашув ва музокараларнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи кунги масалалари - мўлжалдаги мақсаду вазифаларни амалга ошириш йўллари, омиллари ҳамда уларни молиялаштириш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар таъминотига бағишланди. Қувонарли томони, барча масалаларда икки томоннинг фикрлари деярли бир жойдан чиқди. Яъни икки томонлама манфаатли, дўстона тажриба алмашув, иқтисодий йўналишларда ишбилармонларнинг алоқа ва ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида қатор ҳужжатларгача имзоланди. Агар яна тиббиёт ривожига доир келишувларга тўхталадиган бўлсам, вилоят эндокринология шифохонасининг эски биносини таъмирлаш ва реконструкциялаш, у ерда янги вилоят травматология марказини очиш учун зарур жиҳозлар келтиришнинг молиявий ечимларини ҳал қилиш сари ижобий қадамлар ташланди.
Энг мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётларини вилоятимизда муваффақиятли давом эттириш мақсадида энг замонавий жиҳозлару аппаратларга эҳтиёжимиз катта эканини назарда тутиб, жаҳонга машҳур "SIMENS" компанияси билан ҳам меморандум имзоланди. Очиғини айтсак, ҳозирда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш учун мураккаб лаборатория таҳлиллари Тошкентда бажарилади. Оралиқ масофанинг узоқлиги қимматли вақтни йўқотишдан ташқари бемор ҳамда донорларга қийинчилик туғдиради. Жумладан, лаборатория учун инсон аъзолари трансплантацияси чоғида донор (реципиент)нинг таҳлилларини ўтказувчи янги тиббий қурилма ва асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилса, келгусида Наманганнинг водий тиббиёти марказига айлантиришдек эзгу мақсадга етишимиз мумкин. Яқин орада вилоят онкология марказимизнинг "Гамма нур" жиҳозлари таъминотини дунё талаблари даражасига етказилиши режалаштирилган. Келгусида ПЭТ (позитрон эмиссион томограф)гача ўрнатилади.
- Юқоридаги улуғвор ниятларга эришишнинг зарур шароит ва имкониятлари туғилган экан, Австрия сафарида қандай келишувлардан кўнгилларингиз тўлди?
- Шу ўринда бир эътиборга лойиқ ҳолатни тилга олишим лозим. Гуруҳимиз раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Шокиржонович Абдураззақовнинг сафар давомида мезбонлар билан инглиз тилида таржимонларсиз мулоқот олиб борганлари, анжуманларда ўз фикрларини таъсирчан ифодалаб, уларларнинг хайрихоҳлигини кучайтириб юборганликлари барчамизни ҳайратлантирди ва фахрлантирди. "Тил билганга толе ёр" нақли чуқур ҳаётий мазмунга эгалигига яна бир бор ишондик. Қаерга бормайлик, қаерда мулоқот қилмайлик мезбонлар меҳрини, ишончини қозонавердик.
Таассуротлар аслида жуда бой. Айниқса, австрияликлар илм-фанга қизиқишлари баландлиги, тадбиркорликка, бизнесга ишбилармонлик салоҳиятини уйғунлаштириб ёндошишлари, узоқни кўзлаб фаолият олиб боришлари, дўстона муносабатларни қадрлашлари билан ибрат кўрсатишди. Ўзларига тенг ҳамкор сифатида ҳар доим бизларнинг меҳмонлик ҳурматимизни бажо келтиришди. Мамлакатнинг ОеКВ директорлар Кенгаши аъзоси Хельмут Бернкопф, Кремс шаҳар мэри Райнхард Реш, Австрия Федераль иқтисодий палатаси вице-президенти Рихард Шенц, ОПЕК фондининг Бош директори ўринбосари Лю Хуа каби бошқарув идоралари, халқаро компания ва ташкилотлар мутасаддилари билан учрашув-мулоқотлар ғоят мароқли кечди ва самарали якунланди. Ўз навбатида гуруҳимиз раҳбари мезбонларни Наманганда ўтказилаётган навбатдаги Гуллар фестивалига таклиф этдилар.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.