Дарҳақиқат шундай. Буни истиқлол йилларида яққол кўриб - билиб турибмиз. Ахир ҳали дунёга келмаган чаққалоқгача онаси билан бирга ғамхўрликдан баҳра олмоқда. Ҳомиладор аёлларнинг скрининг текшируви билан жиддий шуғулланилмоқда. Вилоятда скрининг маркази, шаҳар ва туманларда унинг хоналари ҳар куни оналар билан гавжум. Ҳамма бирдай соғлом фарзанд кўришни хоҳлайди. Шифокорлар эса уларнинг ниятлари ижобатини таъминлашга бор билиму малакаларини сидқидилдан сарф­лаб келишмоқда. Энг муҳими, оналик ва болаликни муҳофазалаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунга масъул ва мутасадди мутахассислар вилоят, шаҳар ва туман тиббиёт тизимлари раҳбарларининг ўринбосарлари саналишади. "Соғлом она - соғлом бола" тамойили доимий устувор масалага айланган.

Маълумки, бундан тўрт ой муқаддам - янаям аниқроғи жорий йилнинг 28 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги ПФ-60-сонли Фармони қабул қилинди. Унда репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, перинатал марказларни зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш вазифалари аниқ белгилаб берилди.Орадан кўп ўтмай - 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиеёв тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотда ҳам мазкур вазифаларга янада ойдинлик киритиб ўтди. "Ҳаммамизга аёнки, фарзанд - бу ҳаёт қувончи, авлод давомчиси, - дея алоҳида таъкидлади Президентимиз. - Дунёга келаётган ҳар бир гўдакнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун биз бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз".

Демак, халқимизнинг, айниқса оналар ва болаларнинг соғу саломатлиги барқарору бардавомлигига эришиш давлатимиз раҳбарининг ҳамиша диққат марказидадир. Шунинг учун 25 апрель куни Президентимиз бир вақтнинг ўзида учта ғоят муҳим қарорга имзо чекди. Шундан иккитаси бевосита оналар ҳамда фарзандлар саломатлигини сақлашга дахлдордир. Яъни "2022 - 2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида", "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари асосида дастлабки ишларни амалга оширишга ҳам астойдил киришиб кетилди.

Энг эътиборлиси, эндиликда шаҳар ва туманларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида махсус болалар бўлимлари очилди. Улар оналар ва болаларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қила бошлади. Бирламчи тизим орқали оилавий шифокорлар хизмати тобора такомиллаштирилмоқда. Акушер-гинеколог ва педиатр­лар хизматининг аҳолига яқинлаштирилгани айни муддао бўлмоқда.

Халқимиз - болажон, болапарвар. "Она билан бола - гул билан лола", "Она дарахт - бола мева", "Фарзанд - жонга пайванд", "Бола - болдан ширин" каби мақоллар бежиз тўқилмаган. Ҳар бирида олам-олам маъно мужассам. Шифокорларимиз ўртасидаги "Она соғлиғи - бола соғлиғи" нақли бўлса, икки жоннинг соғу саломатлиги жуда-жуда муҳимлигидан далолат беради. Шу боис, эртамиз эгалари бўлмиш фарзандларимиз ва уларнинг оналарини турли хас­таликлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Содиқ САЙҲУН.