Бугун қайси бир бирламчи тиббиёт муассасасига борманг, дардига дармон излаб келган беморларга дуч келасиз. Уларни ширинсўз ва меҳрибонлик билан ҳузурига чорлаётган, аниқ ташхис асосида даволаб, элу улус ҳурматига сазовор ва турли даражадаги рағбатларга мушарраф бўлаётган оқ халатли нажоткорлар фаолиятига тасаннолар айтса арзийди. Улардан бири Янгиқўрғон туманидаги 58-оилавий поликлиниканинг ёш, умидли ва иқтидорли врачи Мамасодиқ Исоқовдир.
Мақоламиз қаҳрамони виқорли Ўнғор тоғларига туташ, баҳаво Поромон қишлоғидаги зиёли оилада дунёга келган . Отаси Мамадурайим олий маълумотли қурувчи, онаси Санамой ҳамширалик касбини улуғлаганлардан.
Мамасодиқ қишлоқдаги 49-сонли умумтаълим мактабида аълога ўқиши, жамоат ишларида фаоллиги, одоб ва ахлоқи, интизоми билан тенгдошларидан ажралиб турар, бўш пайтларида қишлоқ поликлиникасида ишлайдиган онасига тиббиёт асбоб-анжомларини келтириш ва узатишда ёрдамлашишни хуш кўрарди. Шифо топиб оиласи бағрига қайтган беморлар онасини дуо қилганларида ич-ичидан меҳр тўлқини жунбушга келар, синф пиллапояларидан юқорилаган сари врачлик касбини эгаллаб, онаси каби беморларнинг дардига малҳам қўйиш орзуси мақсадига айланиб улгурганди.
Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинган Мамасодиқ врачлик касбига иштиёқи баландлиги туфайли талабалик даврида ҳам вақтини бесамар ўтказмади: тинимсиз ўқиди, изланди, устазода врачларнинг амалиёт дарсларига мунтазам қатнашди, билимини бойитди.
Мамасодиқ илк меҳнат фаолиятини 58-оилавий поликлиникада врач сифатида бошлади. Ҳамма соҳада ҳам назарияни амалиётга боғлаш осон кечмайди, айниқса тиббиётда. Мамасодиқда ҳам дастлаб "Ишимни эплай олармиканман?", деган ҳадик пайдо бўлди. Чунки инсон ҳаёти ўйинчоқ эмаслигини у яхши биларди. Шу сабабли беморларни қабул қилиш жараёнидаги иккиланган пайтларида Санжарбек Қаҳҳоров, Аъзамжон Отабоев, Баҳодир Тиллабоев ва Маҳамаджон Усмонов каби тажрибали врачларнинг маслаҳатига таянди, билмаганларини сўраб ўрганди.
У меҳр қўйган касбида эндигина тўрт йил ишлаяпти. Аммо бажаражак вазифасига виждонан ёндошиши, беморларга меҳри, ширинзабонлиги, ташхис қўйишда аниқликка интилиши, соҳага оид рисола ва қўлланмаларни эринмай мутолаа қилиши ва албатта меҳнатсеварлиги билан қисқа фурсатда жамоанинг тўлақонли аъзосига айланди. Шунингдек, муолажадан сўнг оиласи бағрига соғлом қайтган беморларнинг олқишига сазовор бўлиш билан бирга муносиб рағбат топаётир. Сирасини айтганда, фаолиятининг тўртинчи йилиёқ "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига лойиқ кўрилгани бежиз эмас, албатта.
- Тўрт йилгина ишлаган одам бундай рағбатга камдан-кам эга чиқади. Айтингчи? Бу тасодифми ёки омад билан боғлиқми?
- Балки бироз омадим ҳам чопгандир, аммо тасодиф эмас,- дейди суҳбатдошим.- Бемор касалига ташхис қўйишга алоҳида аҳамият бераман. Қабулимга келган бемор Рустамжон ака Лутфуллаевнинг умуртқа поғонасида острохондроз борлигини аниқладим ва Тошкентга йўлланма бердим. Пойтахтда ҳам мен қўйган ташхис тўла исботини топди ва у жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Бемор менинг назоратимда поликлиникамизда муолажани давом эттиргач, соғайиб тўлақонли ҳаётга қайтди. Натижада соғайган инсоннинг миннатдорчилиги туфайли вазиримиз Беҳзод Мусаев эътиборига тушдим.
Ҳа, азиз газетхон, бор гап шу. Аммо ана шу "бор гап"нинг замирида касбига садоқат, беморларга меҳр, жамоадошларига ҳурмат, ҳалоллик, ишчанлик ва фидойилик мужассам.
Мухтасар қилиб айтганда, оилали, бир нафар фарзанднинг отаси, ёш, иқтидорли ва умидли врач Мамасодиқ Исоқовни "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан муборакбод этган ҳолда эл саломатлиги йўлидаги беҳаловат меҳнати бароридан келсин, дея тилак билдирамиз.
Қамбар ҲАЙДАР,
Янгиқўрғон тумани.