Эрта тонг. Шаҳар марказий шифохонаси ҳовлисига сувлар сепилган, атроф сокин. Баҳор фаслининг ёқимли шабодаси. Манзарали дарахтлар ва ғунчалаган атиргуллар яшилликни, тоза ҳавони таъминлаб турибди.
Йўлакдан "Маъмурият" деб ёзилган бинога бурилдим. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, моҳир жарроҳ Ҳалимжон Алимов қисқа мажлис ўтказаётган экан. Эшик қия очиқ. Одатдагидек, кун тартиби юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Йиғилиш якунида янграган ҳаётий ундов қулоғимга чалинди: "Ҳар бир бемор қатъий назоратимизда ва эътиборимизда бўлиши шарт. Қани, ҳамма ишга!" Сўнг бўлим мудирлари ўз ҳудудларига тарқалишди.
Президентимиз яқинда тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти чоғида "Ҳар бир вилоят ҳокими тиббиёт масалалари билан шахсан шуғулланиши шарт ва улардан сўров қаттиқ бўлади. Энди, ҳар ой бошида қилинган ишлар ва янги ой режаларини ўзим эшитиб бораман. Очиқ мулоқотдан кейинги ўзгаришларни нафақат тиббиёт ходимлари, балки ҳар бир хонадон сезиши шарт", - дея таъкидлаган эди.
Масъулга юзланиб, мақсадимни маълум қилдим. Давлатимиз раҳбари томонидан ўша учрашувда соҳа вакилларига берилган топшириқларнинг апрель ойидаги ижросини суриштирдим. У дарров компьютеридан охирги маълумотларни қоғозга чиқариб, қўлимга тутқазди.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибига кўп тармоқли марказий ва 16 та оилавий поликлиника, шаҳар марказий ва болалар шифохонаси, 3 та туғуруқхона, 1-шаҳар шифохонаси - жами 23 та тиббиёт муассасаси киради. Ўнта йўналиш бўйича иш режалар тайёрланиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига тасдиқлатилган ва кунлик бажарилган ишлар ахбороти бериб борилмоқда. Апрель ойининг илк ҳафтасида вилоят мусиқали ва драма театри биносида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокиржон Ҳайдаров келгуси иш режалари ҳамда тиббиётни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлашга бағишлаб аҳолига мурожаат билан чиқди. Мурожаат матни ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Мавжуд оилавий поликлиникаларга шаҳар марказий шифохонаси бўлим мудирлари, кўп тармоқли марказий поликлиника тор доира соҳа мутахассислари бириктирилган. 7 апрель - Жаҳон саломатлик кунида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари иштирокида шаҳар миқёсида "Саломатлик сари 5000 қадам", соғлом овқатланиш тарғиботига доир акциялар, барча МФЙларда аҳоли ўртасида тиббий бригадалар томонидан "Тоза қўллар", "Шахсий гигиена", "Биз чекишга қаршимиз", "Соғлом тишлар" тадбирлари уюштирилди.
Апрель ойида 5 минг 326 нафар хавф гуруҳига кирувчи 40 ёшдан юқори аҳолининг 1 минг 176 нафари ва 265 нафар бола скрининг текширувлардан ўтказилди. Шундан болаларда 11 та эндокринологик, 92 та юрак-қон томир, 78 та гельминтоз касалликлари бирламчи босқичда аниқланди. Тизимдаги барча муассасаларда кардиологик, эндокринологик, онкологик скрининг текширувлар мобил иловага киритилмоқда. Электрон поликлиникалар ҳам фаолият бошлаган. 7 мингдан ошиқ қўлланмалар тарқатилди. Наманган шаҳрида апрель ойи охирида иккита оила поликлиникаси очилиши кўзда тутилган...
ТАСАВВУРЛАР ЎЗГАРМОҚДА
Қабулхонада янги келган беморнинг ҳужжатлари узоғи билан беш дақиқада расмийлаштириляпти. Умумий терапия бўлимидамиз. Лифт орқали юқорига кўтарилдим. Тўртинчи қават остонасидаман. Теваракни кузатдим, саранжом-саришта. Рўпарамдаги деворда амалдаги Конституциямизнинг 40-моддаси битилган: "Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга". Оддий фуқаро сифатида врач қабулига ёзилдим. Бироздан сўнг навбатим келди. Умумий терапия бўлими мудири Раҳматулло Тўрахоновга учрадим. Мухбирлигимни, саволларим юзасидан тиббиёт ходимлари ва беморлар билан суҳбатлашмоқ эканлигимни айтдим.
Унинг билдиришича, мазкур бўлим ташкил этилганига йигирма йил бўлибди. Ҳозир 40 ўринга мўлжалланган 16 та хона мавжуд. 34 нафар тиббий ходим ишлайди.
- Кўп йиллар шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосар лавозимида ишладим, - дейди Р. Тўрахонов. - Соҳамиз бироз назардан четда қолган мураккаб пайтларни ҳам кўрдик. Ҳайриятки, инсон қадри, аввало, унинг саломатлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқлиги англаб етилди. Энди олдимизда фақат ишлаш, касалликка чалинганларни тезроқ соғлом ҳаётга қайтариш, уларни рози қилиш қолди, холос...
"Айтиш жоизки, бизда ҳамшира деганда, кўз олдимизга фақат "укол" қилишни биладиган тиббиёт ходимлари келади. Лекин соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда эса ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Беморларни фақат дори билан эмас, балки меҳр билан, ақл билан даволаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки гап инсон ҳаёти, инсон саломатлигини асрашдек ҳал қилувчи масала устида бормоқда. Ишонаманки, Ўзбекистон тиббиёт ходимлари бунга албатта қодир. Сизлар пандемия давридаги оғир шароитда халқимиз соғлиғини асраб қолиш учун, чинакам қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатганингиз бунинг яққол исботидир", - дея таъкидлаган эди Президентимиз.
11-хонада даволанаётган 36 ёшли Муножот Дадамирзаевани суҳбатга тортдик:
- Менга жигар церрози ташхиси қўйилган, - дейди у. - Баъзида ҳудудимиздаги 10-поликлиникага қатнаб даволанаман. Йилда бир-икки марта шу бўлимга келаман. Оилавий шароитимиз яхшимаслиги сабаб шифохонага имтиёзли тарзда жойлашаман. Иккинчи гуруҳ ногирониман. Давлатимизга, шифокорларимизга мингдан-минг раҳмат. Бир ҳафта аввал мадорим йўқ эди, қон босимим пасайиб кетганди. Мана, энди анча тузукман. Меҳрибон ҳамширалардан миннатдорман.
"Шикоятлар қутиси миннатдорлик хатларига тўлиб кетган"
Фойедаги шикоят қутиси диққатимни тортди. Ундаги асосан миннатдорлик дилсўзлари ёзилган номаларда Раҳматилло Тўрахонов бошчилигидаги врачлар - Акбарали Жўраев, Малика Жакбарова, катта ҳамшира Муҳайё Эшматова, ҳамширалар Назира Жўраева, Садоқат Ғойиббоева, Дилдора Каримова, Оқила Боймирзаева, Марғуба Розиқова, бўлим бекаси Сабохон Иброҳимова, кичик тиббий ходимлар Муқаддас Бадалова, Наима Мамажонова, Марғуба Абдуллаева, амалиётчи ҳамшира Дилфуза Қурбоноваларнинг исм-фамилиялари келтирилган.
- Тўғриси, шикоятлар қутиси миннатдорлик хатларига тўлиб кетган, - дея ҳижолатомуз суҳбатимизга қўшилди бўлим шифокори Малика Жакбарова. - Биз, шифокорлар учун ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар - барча тенг. Ҳаммага бирдек эътиборли бўлишга қасамёд қилганмиз. Уларнинг соғайиши учун қўлимиздан келганини қиламиз. Яқин инсонимиздек қайғурамиз. Лекин баъзан кутилмаган, бизга боғлиқ бўлмаган вазиятлар ҳам учрайди. Аслида, ҳар бир бемор ўзи мисолида тиббиёт тизимига баҳо беради. Айнан бир фуқаронинг миннатдорлигига эришиш орқали бутун соҳага ижобий муносабат шаклланади.
Юртбошимиз томонидан Наврўз байрами арафасида тиббиёт ходимлари билан бўлган ва тарихий аҳамиятга эга очиқ мулоқотда алоҳида таъкидланганидек, "Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади. Эл-юртимиз азалдан шифокорларни, инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини - ҳаётларини ишониб топширади".
- 30 йилдирки, эгнимдаги оқ халатга доғ туширмасликка, шифокор деган юксак унвонга муносиб бўлишга, вазифамга ҳалол ва виждонан ёндашишга интиламан. Шундан ҳаловат топаман, - дейди яна бир суҳбатдошимиз врач Акбарали Жўраев. - Меҳнатимиз йўлида бор билим-маҳоратимизни, ғайрат-шижоатимизни бағишлаяпмиз. Беморларнинг шифо топишларига ишонч ҳадя этаётганимиздан бахтиёрман.
Ҳа, инсон йилда бир маротаба меҳнат таътили даврида профилактика учун шифохоналарда стационар даволаниши, сиҳатгоҳларда дам олиши мақсадга мувофиқ. Тинимсиз хизмат вазифаларини бажариш давомида чарчаган асаблар, вужуднинг эркин тин олиши айни муддао. Бу эса, табиийки, навбатдаги самарали фаолияти учун қувват манбаидир. Умумий терапия бўлимидан қайтар эканманмиз, саломатлигимиз посбонларига, нажот фаришталарию халоскорларимизнинг машаққатли ва шарафли ишларига ривож тиладик.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
"Янги Ўзбекистон" мухбири.
("Янги Ўзбекистон" газетасининг
2022 йил 2 майдаги 87-сонидан олинди).