Бу йил 61-бор ўтказилаётган фестиваль 22 майдан барча меҳмонларни қаршилади. Ўн беш кун давом этадиган анъанавий гуллар байрами Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиққан автокарвон билан бошланди.

Шаҳримиз марказидаги Тинчлик стелласи майдонида фестивалнинг очилиш маросими ташкилланди. Унда вилоятимиз фаоллари, мартабали меҳмонлар, хорижнинг дипломатик корпус вакиллари, ОАВ ходимлари, блогерлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов очилиш маросимда нутқ сўзлаб, байрам билан барчани қутлади. Миллий қадриятга айланган шундай шодиёналардан мақсад, вилоятнинг барча соҳалардаги салоҳиятини кўтариш, иқтисодий ва туризм салоҳиятини оширишдан иборат эканлигини қайд этди.

Халқаро гуллар фестивали доирасида турли кўрик-танловлар, мода намойишлари ҳамда форум ўтказиш белгиланган. Худди шундай йирик тадбирлардан бири Наманган муҳандислик-технология инс­титутида Халқаро таълим мавзусида ўтказилди. Форумда АҚШ, Дания, Португалия, Замбиа, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғизтон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг 40 дан ортиқ етакчи профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бутун фестивал давомида шаҳримиз 2 миллионга яқин маҳаллий ва хорижлик меҳмонларга мезбонлик қилиши бўйича маданий ва туристик жиҳатдан аниқ дастурлар ишлаб чиқилган. Шунча рақамлардан билиш мумкинки, бу оддий байрам эмас. Наманганнинг ташриф ёрлиғига айланган халқаро мақомдаги фестиваль. Буни юқоридаги рақамлар ҳамда байрам бошланиш арафасиданоқ ташриф буюришни бошлаган кўп сонли меҳмонлардан билиш мумкин эди.

- Шаҳар кўчаларидан тортиб, паркларигача гуллар билан безатилгани ҳар қандай кишининг кайфиятини кўтаради, - дейди навоийлик журналист Феруза Қодирова. - Наманганда гуллар фестивалини телеэкранда кўриб, шу нафосат байрамига бориш орзусида юрар эдим. Ниҳоят Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими томонидан гуллар фестивалига бориш ҳақидаги хушхабарни эшитиб, ғоят қувондим. Наманганга йўл олар эканмиз, пурвиқор тоғлар, адиру чўллар, қишлоғу шаҳарларни кўриб ҳайратимиз ошар эди. Водий гавҳари бўлган Наманганда дастлаб, журналистлар билан пресс-тур уюштирилди. Унда бир гуруҳ навоийлик ҳамкасбларим билан шоир Робиддин Исҳоқовнинг 95 йиллик юбилейи ўтказилаётган уй музейида, сўнгра Султон Увайс Қароний зиё­ратгоҳида ҳамда Ўзбекис­тон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида бўлдик.

Айниқса, гуллар фестивали оқшомида Бобур боғига кирганимизда инсон қўли билан яратилган мўъжизавий гўзалликдан беҳад ҳайратга тушдик. Наманганликларга хотиржамлик, илм-маърифат ривожи йўлида омадлар тилайман!

Ўтган тарихга қисқа назар ташласак, ҳозирги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғи ўрнида XIX асрда "Гулзор" номли маҳалла бўлган. Шу жойлик аҳоли гуллар етиштирар, гулдан ичимликлар, нек­тарлар, ҳар хил ширинликлар, зираворлар ҳамда асал ишлаб чиқариш билан шуғулланганлар. Айрим гулларнинг барг ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрлашган. Гулчиларнинг шуҳрати йилдан-йилга ошиб борди. Ўтмишда гулларга тўлган маҳалла бугун гул компазициялари билан безалган истироҳат боғ қиёфасида фестивалнинг қайноқ марказига айланган. Ушбу турфа композицияларга бой боғга ошиқаётган меҳмонларнинг адади адоқсиз. Шаҳримиз меҳмони - қирғизистонлик Канникей Шайлиевани суҳбатга тортдик.

- Аввалдан Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиқишни ният қилардим. Саёҳат бошида Тошкентда бўлдик. Сўнг Наманганга келиб, диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишга киришдим. Фестиваль тадбирларида қатнашиб, беҳад ҳайратландим. Мен Ўшга қайтиб борсам, албатта, Ўш давлат университетидаги жамоам ва талабалари билан фестиваль таассуротларимни ўртоқлашаман, - дейди Канникей Шайлиева ўзгача мамнун кайфиятда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.