Стоматология тиббиётнинг муҳим соҳасилиги учун унинг заҳматкашлари ҳамиша изланишдан, янгиликларни амалиётда дадил қўллашдан тўхташмайди, албатта. Ёш стоматолог Мамадалихон Қаюмов табиатан чаққон ва ҳаракатчанлиги туфайли вилоятда кўзга кўринган мутахассислар қаторидан муқим ўрин эгаллаганди. У ўн тўрт йиллик самарали хизматлари туфайли Ўзбекистондаги ва айни маҳалда Бутуниттифоқдаги ҳамкасбларига танилиш толеига мушаррафланди. Фикримизнинг далили сифатида тиш шифокори ҳаётидаги унутилмас воқеани эслашнинг ўзи кифоя. 1981 йил июнь ойидаги "Тиббиёт ходимлари куни"да хушхабар тарқалди. Илғор стоматолог Мамадалихон Қаюмов Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Бутуниттифоқ  соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳақидаги буйруғи вилоят тадбирида кўпчиликка ўқиб эшиттирилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Ваҳоб Бозорович Умрзоқов шарафли ном соҳиби кўксига юксак нишонни йиғилганларнинг ол­қиш қарсаклари остида тантанали равишда тақиб қўйди.

Илғорлик ва таниқлиликка осонгина эришмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ортопед-врач энди Москвага бориб, стоматологиянинг янгидан-янги ютуқларини ўзлаштиришга алоҳида ҳафсала билан қаради. Билим салоҳияти баланд, тиш қўйиш уқуви юқори устозларнинг баридан маҳкам ушлади.

Аълочи тиббиёт ходими мағрурланиш ўрнига шифоталабларга янада яхшироқ хизмат кўрсатиш ҳаракатида тиниб-тинчимади. 1982 йили Бутуниттифоқда ягона ҳисобланган марказий стоматология илмий тадқиқот институтига йўл солди. Бир неча ой рус ҳамкасблари тажрибасини қунт билан ўзлаштирди. Энг зарури, Москвадан тиш ясаш ва ўрнатишдаги энг янги технологияни вилоятга олиб келди. ЦНИИСда тиббиёт фанлари доктори Андрей Иванов раҳбарлигида ўрганганларини Наманганда жорий қилишга киришди. Яъни форфор копламали металл-керамика тишларни қўя бошлади. Ўша ҳаяжонли онлар ҳамон ёдида. Биринчи мижоз ўз жамоасидан чиқди. Ҳамшира Ильвира Баҳодирова креслога ўтирди. Яроқсизланган икки табиий тишининг баҳридан ўтди. Мамадалихон дўхтир аввалдан ўлчамлари олинган ва қунт билан тайёрланган ёнма-ён сунъий тишларни саноқли дақиқалардаёқ ўрнига маҳкамлади.

- Мана, тишларингиз бутланди - яна 32 та! - деди ишини қо­йиллатган врач. - Ойнага қа­ранг-чи?

Ильвира беихтиёр ҳайратга тушди. Чунки ўзи-ўзига термулиб, қайси тишлари табиий-ю, қайсиси сунъийлигини дарров ажрата олмади. Врачни ҳам, мижозни ҳам қутлашгани хонага бирин-кетин киришган ҳамкасб­ларигача қойил қолишди ортопеднинг беҳад моҳирлигига.

Ахир қолипга қуйилиб, "ВИТЭ" печида "пишириб" тайёрланган оппоқ форфор-чинни тиш Ильвиранинг милкига шунақанги жойлаб юборилгандики, фарқлашга кўз ожиз эди-да.

- Наманган стоматологларининг олдига энди республиканинг унча-мунча мутахасислари тушолмасалар керак! - деди бу ишда ҳиссаси борлигидан қувонган техник Сайфиддин Жамолов. - Илм билан тажриба уйғунлигига гап йўқ! Ҳар қандай металл тишдан афзал эмасми-бу?!

- Афзал бўлганда қандоқ, садаф; садаф-да, табиийлари қаторида бегонадай турмайди. Оғиз олаланмайди, фақат мўртлигини унутмай, овқатни чайнаш чоғида асраб-авайлаб юрилса, кўп йиллар хизмат қилишга ярайверади. Сабаби, форфор тиш асло "касалланмайди", синиши, чақнаши мумкин, холос,- дея атрофидагиларга мамнун жилмайди ташаббускор ва журъатли ортопед-врач.

Янгиликнинг қаноти бўлади. Хушхабар тез ёйилади. Вилоят стоматология поликлиникасига форфор қопламалари металл керамика тишларга эҳтиёжманд бўлиб келувчилар кўпайгандан- кўпаяверди. "Янги тишнинг ўзи қанақа, кўрсак бўладими?" де­йишарди дарров.

- Ҳозир, - дея Мамадалихон Ильвирани хонага чорларди. Сўнг ҳазил аралаш:- Булар сизникидақани хоҳлашяпти, жилмайиб қўйинг, - дерди мижозларининг раъйига қараб.

Улар беихтиёр янада қизиқишарди. "Қайси бири, ие, худди ўз тишимиз ўрнига соғлом қайтарилгандай кўринаркан-а" дегувчилар моҳир врачни ҳали ишини бошламасиданоқ олқишлай бошлашарди.

Ортопедия бўлими фаолияти юқори самарага кўтарилгани сайин поликлиниканинг шуҳрати ортиб бораверди. Иқтисодий ҳолатига тобора сезиларли ижобий таъсир ўтказди. Аълочи врачнинг обрў- эътибори ортгандан ортаверди. Тажрибаси ке­йинроқ водийга оммалаштирилди. У эса шогирдларига тадбиркорлигу омилкорликни астойдил "юқтиришдан" ҳеч вақт эринмади. Янгилик кўп сонли ҳамкасбларининг фаолиятига алоҳида ривож бағишлади. Бу борада поликлиника бош врачи Ёқубжон Холматовнинг рағбати муҳим роль ўйнади. Вилоят стоматологлари учун чинакамига тажриба мактаби яратилди, десак асло муболаға эмас.

Аслида янада фаол, янада хайрли, янада самарали фаолият юритиш мумкин эди-ю, у пайт­лар тиббиёт муассасаси бугунгидек эмин-эркинлик, иқтисодий сернаф ишларга имкон берилмаган эди-да. Қачонки, мустақиллик йиллари бошлангач, истиқлолнинг шарофати бахшлигидан стоматологлар ҳам тўла баҳраманд бўлаётирлар. Айниқса, поликлиникага Аҳмаджон Қосимов бош врач этиб та­йинлангач, яъни 2003 йилдан буён амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар соҳа ходимларининг ўз вазифаларига бўлган меҳру масъулиятини бағоят кучайтириб юборди. Бўлим бошлиғининг эътирофу таъкидлари боиси ҳам ана ўшанда.

- Бош врачимиз Аҳмаджон Қосимов узоқни кўра билган, ҳамиша эртанги тараққиётни кўзлаб ишлайдиган тадбиркор ва уддабурон раҳбар, - дейди Мамадалихон ака самимий равишда фахрланиб. - Даставвал тўрт қаватли биномиз мукаммал таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этган бўлса, кейин энг замонавий жиҳозлар, аппарат ва асбоб-ускуналар таъминоти тўкисланди. 2004 йилда 14 та янги креслолар келтирилди. БОР - тиш чарҳлайдиган машиналарни айт­майсизми. 2013-2014 йилларда яна 30 та кресло врачларимизга тарқатилди. Булар вилоятда стоматология хизматини давр талаблари даражасига кўтариш имконини яратди. Шундай раҳбар билан ишлаб чарчаб бўладими? Асло! Ёшим етмишдан ўтса ҳамки севган касбимни, умримнинг салкам ярим асри кечган ишхонамни, аҳил жамоамни тарк этишни хаёлимга келтиролмайман. Эъзозланаётган кекса сифатида қадрдон полик­линикамда қадрдонлар сафида ҳамиша қадрли эканлигимга мингдан-минг шукроналар айтаман.

Ортопед-врачнинг шукронаси ҳар жиҳатдан амалда намоён. У кишининг ҳузурларига кирганимдаёқ газета-журналлар бир даста янги сонлари столлари устида турарди. Ўзлари эса кўзойнакни таққанча, улардан биридаги мақолани берилиб ўқирдилар. Бу бесабаб эмас экан. Билдики, поликлиникада маънавий-маърифий ишларнинг мутасаддилигиям у кишига юклатилганакан. Қарангга, жамоа қанчадан-қанча ёшлар, 40-50ни қоралаган олий маълумотли мутахассислардан таркиб топганига қарамай, етмишдан ошган Мамадалихон Қаюмовнинг шундай эзгу вазифани ўз зиммаларига олганлари ҳайратомуз. Ана ҳаётга иштиёқ, ана одамлар маънавиятини бойитишга бўлган интилиш, ана шахсий ибрат, ана устозлик мақомига муносиблик намунаси. Мазкур масканда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари доимо юқори савияда ташкилланишидан эса аввалдан бохабарлигимиз учун иқрорларимиз асослигига ҳеч шубҳамиз йўқ.

Табаррук инсон умр йўлдошлари Роҳатхон ая билан Азимжон, Комилжон, Носиржон, Раънохон ва Рашидахон каби уч ўғилу, икки қизни тарбиялаб, эл хизматига йўллаганлар. 19 набира, 9 эварани етаклаган фарзандлар жамулжам бўлса борми, ҳовли-уйлари гўё тўйхона қиёфасига киради. Уларга меҳр билан боққан Мамадалихон Қаюмов шартномавий режаларни доимо бажариб келаётганлиги, ёшларга фаол мураббийлиги учун вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғига сазовор бўлганликларини ҳамон мамнуният билан тилга оладилар. Рағбатга яраша илғорликни қўлдан бермасликка интиладилар. Истиқлолли юртда чин иқболли, пиру бадавлат кексалик насиб этганидан ҳадсиз фахрланадилар. Мус­тақилликнинг 24 йиллигини меҳнатда янги муваффақиятлар билан кутиб олаётганларидан шодликлари ичларига сиғмай, шу юрт тинчлигини, шу юрт тараққиётини, шу юртдаги юртдошларининг соғу-омонлигини Аллоҳдан тилаб эзгу дуоларга қўл очаверадилар. Бундан ортиқ бахт қаерда бор...

Содиқ Сайҳун.

Суратда: Мамадалихон Қаюмов ҳамшира Замирахон Мирсаидова билан беморнинг прикусини аниқлашмоқда.