Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий маҳоратини оширишда хориж тажрибасидан кенг қўлланиш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш вазифаси қўйилган эди.

Вилоятимизда ўтган "Халқаро тиббиёт кунлари" ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали мажлислар залида ана шу нуфузли тадбир бўлиб ўтди. Унда Германия ва Озарбайжон давлатларининг таниқли мутахассислари иштирок этишди. Наманганлик шифокорлар ҳамда қўшни вилоятлар вакиллари икки кун мобайнида хорижлик тиббиётчи олимларнинг илмий маърузаларини тинг­лашди.

Анжуманнинг очилиш маросимида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирхон Абдуллахоновлар сўзга чиқишиб, амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказиладиган машғулотлар маҳаллий тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини оширишда, билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Тадбирнинг назарий қисми соҳада қўлланилаётган жаҳоний тажрибалар, амалиётга татбиқ этилаётган янги технологиялар, Германия ва Озарбайжон тиббиёт соҳаси олимларининг изланишлари самаралари  хусусида кечди. Жумладан, дастлаб Германиянинг Ганновер Университети клиникаси профессори Микаиль Габелнинг "Жигарнинг гастроэнтерологик ва элестографик текшируви" мавзуидаги маърузаси эшитилди. Доктор Габель ўз кузатувлари асосида олиб борилган тадқиқотлар натижалари, айниқса замонавий ультратовуш текширув қурилмалари воситасида ошқозон ости бези ва жигар хасталикларига аниқ ташхис қўйиш усулларини слайдлар асосида изоҳлаб берди.

Бокудаги Топчубашев номли жарроҳлик илмий маркази колопрактология жарроҳлиги бўлими раҳбари, Озарбайжон минималоинвазив жарроҳлари ассоциацияси ва Немис-озарбайжон тиббиёт жамияти президенти, профессор  Губанхан Муслумовнинг "Лапароскопик абдоминаль жарроҳликнинг замонавий йўналишлари" номли маърузаси ҳам тингланди.

Германиянинг Гамбург шаҳридаги "Панация" шифокорлар малакасини ошириш компанияси раҳбари Вольффганга Ваннов, Бокудаги Топчубашев номли жарроҳлик илмий маркази гастроэнтерология жарроҳлиги бўлими раҳбари, профессор Элбурусь Рустамов ва бошқаларнинг чиқишлари ҳам маҳаллий шифокорларда катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмонлар "Анамед" клиникасига ташриф буюришди. Замонавий технологиялар татбиқ этилаётган тиббиёт маскани фаолияти ўрганилди. Озарбайжонлик профессор Гурбанхан Муслимов беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказди. Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янги турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бў­йича "маҳорат мактаби" машғулотлари ташкилланди. Германиянинг Ганновер Университети клиникаси профессори Микаиль Габель замонавий ультратовуш текшируви қурилмаси воситасида беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва касалликларга аниқ ташхис қўйиш тажрибасини кўрсатиб берди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.