дейди суҳбатдошимиз меҳнат фахрийси Ҳакимжон ота Раҳимов

 

Хотира ва қадрлаш куни арафасида табаррук тиббиётчи отахоннинг боғ-ҳовлиларига бориб, у киши билан дилдан суҳбат қурдик. Ўйлаймизки, мароқли мулоқотимиз Сиз - газетхонларга ҳам маъқулу манзур тушади. Чунки, вилоят тиббиётининг ўтмиши ва кечаги кунини эслаш ҳамда бугунги тараққиётига таққослаш кўнгилларимизда ўзгача фахр уй­ғотади.

- Ҳакимжон ота, ёши улуғ инсонлар қаторида ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бошдан кечиргансиз. Гапни болалик йилларингиздан бошласангиз?

- Ким ҳам болалик йилларини эсга олмайди, дейсиз. Лекин бизники оғир йилларга тўғри  келган. Ҳозир саксонинчи баҳорни кўраётган бўлсам, ўша мен туғилган 1942 йили Иккинчи жаҳон уруши халқимизни кутилмаган азоб-уқубатларга дучор этгани аниқ. Ана шундай оғир паллада ота-онамга қувонч ва умид бағишлаганим табиий. Уруш қолиб, турли касалликлар гўё дард устига чип­қондек халқни қийнагандан қийнагани учун улар келгусида табиб, дўхтир - худди Луқмони Ҳакимдек бўлишимни жуда-жуда орзулашган экан. Буни ақлим кириб, мактабга борган маҳалларим эшитганман. 1956 йили ўн тўрт ёшлигимда Наманган "медтехникуми"га ўқишга кирганман. Уч йил сабоқ олгач, яъни 1959 йили ҳарбий хизматга юборилганман. Яна уч йил йигитлик бурчимни ўтагач, қайтибоқ Андижон давлат тиббиёт институтига имтиҳон топширганман. Омадим келмаган. Фельдшер бўлиб ишлаб юрдим, бироқ, ноумид бўлмадим. Яна астойдил тайёрландим. 1964 йили Тошкент давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетига кириш насиб этди. 1970 йили Намангандаги 2-бирлашган шифохона поликлиникасида болалар хирурги вазифасида фаолиятимни бошладим. Ота-онамнинг ниятлари ижобат бўлди. Шунга қарамай, яна ўқиб-изланишдан тўхтамадим. 1977-1979 йиллари Республика ортопедия ва травматология илмий-текшириш институтининг клиник-ординатурасида билим ва малакамни мукаммаллаштириб қайтдим.

- Аммо мутахассислигингиз бўйича ишламай вилоят соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган экансиз. Сабабини қандай изоҳлайсиз?

- У пайтлар юқори малакали мутахассислар ҳозиргидек кўп эмасди. Менинг тиббиётдаги, айниқса хирургия ва травматология соҳасидаги янгиликларни яхши билганимни, операциялар бўйича пойтахтдаги шифокорларнинг тажриба ва маҳоратларини қунт билан ўзлаштириб олганимни назарда тутишган чамаси, бўлим раҳбари Ваҳоб Бозорович Умрзоқовнинг таклифларини рад қилолмадим. Саккиз йил бирга-бирга ишладик. Вилоят тибиётини, хусусан, жарроҳлик амалиётини тобора такомиллаштиришга интилдик. Маълум даражада муваффақиятларга эришдик.

- Барибир ўз йўналишингиз бўйича ишлашга ўтдингиз. Ниҳоят яна қўлингизга хирургик асбобларни тутиб, қанчадан-қанча беморларнинг халоскорига айландингиз.

- Тўғри. Мутахассисликда ишлашнинг завқи бошқача. Кимларгадир топшириқ бериш, ижросини назорат қилишдан кўра, ўзингиз бажаришингизга нима етсин! Қолаверса, халқимизда бирор машғулотни ўрганган бўлсанггу, тўхтатиб қўйсанг " қўлим чиқиб қолади" деган ибора бор. Мен ҳам қўлим чиқиб қолишини истамадим. Беш йил вилоят таравматология шифохонасида меҳнат қилдим. Лекин...

-  Ҳа, яна раҳбарликка қайтарилган экансиз.

- Шундай. Наманган шаҳар соғ­лиқни сақлаш бўлимига мудирликка лойиқ топишди. Бу ердаги раҳбарлигим мустақилликнинг дастлабки тўрт йилига тўғри келди. Янгича қарашлар, янгича ёндашишлар билан тиббий ислоҳотларни амалга оширишга астойдил киришиб кетдик. Натижаларимиз чакки бўлмади. Сўнгра 1994 йил 1-шаҳар шифохонаси бош врачлигига ўтказилдим. Саккиз йил ишлаб, 2002 йили пенсия ёшига етдиму, фао­лиятимни тўхтатишга жазм қилдим. Шогирдларга ўрнимни бўшатиб беришни ўзимга эп билдим. Бундан сира-сира афсусланмайман.

- Тақдирланганмисиз?

- "Соғлиқни сақлаш аълочиси"ман. Фахрий ёрлиқларим қатор-қатор. Устозларим - ажо­йиб раҳбар  бўлган Ваҳоб Умрзоқов ва моҳир травматолог Муҳиддин Акрамовдан бир умр миннатдорман.

- Сиз пиру бадавлат инсонсиз. Ҳалол раҳбар, жонкуяр врач, ибратли оила бошлиғи мартабаларига эгасиз. Ҳаётингиздан қай даражада мамнунсиз?

- Беҳад, беҳад. Сабаби, шаънимни булғайдиган хатога йўл қўймадим, элнинг соғлиғи деб кеча-кундуз тинмадим. Умр йўлдошим Муқаддамхон Шамсибоева ҳам врач, умрини беморлар хизматида ўтказди. Ҳозир ўғил-қизимиз Шуҳратжон ва Раънохон ҳамда 5 невара, 3 эвара даврасида беармон яшаяпмиз.

"Ернинг устида умид, остида эса армон кўп" дейишадику, биз ҳам оила аъзоларимизнинг сафи йилдан-йил кенгайишини, камолини яна-яна узоқ йиллар кўриб юриш умидида ҳаётимиздан мамнун яшаяпмиз. Президентимиз эл соғлиғини сақлаш ишини биринчи даражали вазифа деб билаётганликлари кўнглимизни ҳамиша тоғдек кўтариб турибди. Юртимизда инсон қадри улуғ. Янги Ўзбекистонимизга ҳеч вақт кўз тегмасин!

Суҳбатдош  Содиқ САЙҲУН.