Вилоятимизда ҳам 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган меҳнат фахрийлари тиббиёт масканларига таклиф этилиб, уларга юксак иззат-икром кўрсатилди.
Кўплаб нуронийларнинг уйларига борилиб, ҳолидан хабар олинди ва эсдалик туҳфалари топширилди. Шу билан бирга эл саломатлигини мустаҳкамлаш борасида астойдил фаолият олиб бориб ҳурмат қозонган ва айни пайтда вафот этган марҳум тиббиёт ходимлари хонадонига кирилиб, уларнинг порлоқ хотираси эсга олинди. Ушбу тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ҳомийлик қилди.
- "Барча ҳаракатларимиз - инсон қадри учун!" мавзусида кечган кенг миқёсли акция доирасидаги қутлуғ айёмга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Табаррук инсонларни руҳан қўллаб-қувватлаш учун 500дан ортиқ "Қадрнома" ёрлиқлари тайёрланиб, соҳамиз фаолларига даволаш-профилактика муассасаларидаги эъзозлаш маросимлар пайтида топширилди ва тадбирларга кела олмаганларнинг эса яшаш жойларига етказилди. Шу билан бирга вафот этган тиббиёт ходимларининг хонадонларига борилиб, 81 марҳумнинг сурати туширилган ва алоҳида хизматлари ёзилган "Ёднома" ёрлиқлари ҳамда совғалар берилди, - дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев.