Сана муносабати билан Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежида тантанали анжуман бўлиб ўтди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари в. б. Абдумалик Раҳмонов, бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова ҳамда вилоят перинатал маркази директори Ирода Муҳитдиновалар иштирок этишди.
Вилоят перинатал маркази, шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларидан ташриф буюрган 300 нафарга яқин гинеколог ҳамда акушер-доялар ҳақида самимий сўзлар айтилди, уларнинг хизматлари мамнуният билан тилга олинди. Сўзга чиққан раҳбарлар соҳа фидойиларига яратилаётган имкониятлар ҳамда тиббиёт ривожидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Байрам тадбири ҳаётий воқеаларга қурилган саҳна кўринишлари билан янада шукуҳли кечди. Х. Турдалиева ва Н. Охунжонова томонидан маҳорат билан ижро этилган чиқишлар барчада илиқ таассурот уйғотган бўлса, "Ҳомила чаноғи билан олдинда келиши, туғруқни замонавий олиб бориш усуллари" мавзусидаги иккинчи саҳнавий лавҳа орқали қайноналарнинг туғилажак зурриёдга қанчалик эътибор қаратишлари зарурлиги намойиш этилди.
Шунингдек, тадбирда доялик тарихига доир "Акушерлик юқори маҳорат ва билимни талаб этувчи машаққатли касб" мавзусида акушер-гинеколог Ш. Исмоилованинг маърузаси тингланди.
- Халқаро доялар куни муносабати билан ўтказган тадбиримиз ғоят мароқли ва қизиқарли ташкилланди. Бу билан доялар ва уларнинг машаққатли меҳнатлари яна бир бор шарафланди, - дейди бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Тадбир якунида самарали ва фаол ҳаракатлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлган бир гуруҳ доялар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.