Аёлларга бизнинг мамлакатимизда ҳамиша эъзозу-эҳтиром кўрсатилади. Улар аввало, она, қолаверса жамиятнинг фаол аъзоси сифатида юксак қадр-қимматга муносибдирлар. Юртимиздаги анъанага кўра бу йил ҳам "8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди. Мукофотланганлар орасида Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимининг катта ҳамшираси Гулчеҳра Аҳмадалиеванинг борлиги эса аҳил жамоани ғоят фахрлантирди.
- Кечагидек ёдимда, бундан йигирма етти йил аввал Гулчеҳра тиббиёт билим юртини битирибоқ бизнинг бўлимимизда иш бошлаган эди, - дея эслайди II даражали "Соғлом авлод учун" ордени нишондори Алоҳиддин Мадраҳимов. - Тезда бемор болаларга муолажа қилишнинг ҳадисини олиб, касбдошлари орасида уддабуронлиги ва ташкилотчилиги билан танилди. Етти йил ўтгач, яъни 2002 йили уни катта ҳамшираликка муносиб кўрдик. Сира янглишмаган эканмиз, ўзигаям, ёнидагиларгаям талабчан аёл бу йиллар орасида қанчадан-қанча оналарга қувонч, болаларга соғлик бахш этаётган врачларга кўмакдош, ҳамшираларга бошу қош бўлиб келмоқда. Ниҳоят "Соғлом турмуш" медалига сазоворланди. Жамоамиз қувончи - Гулчеҳранинг шундай мукофотга ҳар жиҳатдан муносиблигида, десам асло муболаға эмас.
Ҳақиқатдан, у ўзининг чорак асрлик умрини болалар соғлиғини тиклашга сарфламоқда. Матлуба Мавлонова, Шамсиддин Ғозиев, Зулфия Исмоилова сингари педиатрлар билан бамаслаҳат даволаш ишлари талаблар даражасида олиб борилишини таъминлашнинг чинакам жонкуярига айланган. Гулчеҳра Султонова, Карима Аҳмедова, Шоҳиста Абдураҳимова, Эъзоза Абдуллаева, Марҳабо Пўлатовадек моҳир ҳамширалар унга гўёки опа-сингилдек бўлиб кетишган. Мақсадлари доимо ягона - бемор болаларни юқори малакали муолажа билан сифатли даволаш. Бунга амалда изчил эришиб келишмоқда.
- Сийланган жойида азиздир инсон, деган гаплар ғоят топиб айтилган экан. Шу йил 7 март куни Халқаро конгресслар саройида юртимиз хотин-қизларининг илғор вакилларига юксак иззат-эҳтиром кўрсатилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз қўллари билан мукофотларимизни топширган чоғларидаги ҳаяжонларимни ҳеч вақт унутолмайман. Аёлга, унинг меҳнатига бундай эътибор ва рағбатни ҳозиргача ким кўрибди. Толеимизга Юртбошимиз омон бўлсинлар! Мукофотга жавобимиз эса бундан буён янада ҳалол ва фаол хизмат қилишдан иборатдир, - дейди Гулчеҳра Аҳмадалиева ўша унутилмас онларни тўлқинланган ҳолда ёдга олиб.
Бўлимда бўлганимизда жаҳон андозаларига мувофиқ бенуқсон таъмирланган шинам, ёруғ ва кўркам бинода шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам қулай шароиту имкониятлар бисёрлигини кўриб, жуда мамнун бўлдик. Бундай жойда ҳеч вақт ёмон ишлаш мумкин эмас. Шуни бўлим мудиридан тортиб, барча врачу, катта ҳамширасидан тортиб ҳамма ҳамкасблари-ю, хўжалик бекаси, кичик тиббий ходимларигача чуқур англаб етишади. Бўлимга хаста боласи билан келаётган оналарнинг тезда юзларига табассум ёйилиши, кечагина йиғлаб, нажот қидириб мунгли боқаётган маржон-маржон кўзлар бугун оғриқдан халос бўлиб, чақнаётганини, лаблари қиқир-қиқир кулгидан аримаётганини шунинг ёрқин ифодаси, дейишга тўла ҳақлимиз.
Содиқ САЙҲУН.