12 май - Халқаро ҳамширалар куни олдидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкилланган Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳатлар ғоят таассуротларга бой кечди.
Ватанимизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатга чиққан наманганлик тиббиётчилар дастлабки куни Бухоро шаҳрининг Ситораи Моҳи Хосса ёзги саройини бориб кўришди, Саййид Мир Кулол, Баҳовуддин Нақшбанд мақбараларини зиёрат қилишди. Кейинги куни ҳам ўнлаб тарихий обидалар ва тарихий-маданий ёдгорликларга ташриф буюришди.
Навбатдаги манзил - қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида эса соҳибқирон бобомиз Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг мақбара мажмуаси ҳамда уй-музейида, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зиндада, Регистон майдони, Шердор ва Тиллакори мадрасаларида бўлишди.
Саёҳат доирасида Бухоро шаҳридаги "Диёра", Самарқанд шаҳридаги "Мўъжиза" тантаналар саройида 12 май - Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан зиёфат дастурхони ёзилди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев фидоий ва матонатли ҳамшираларни касб байрамлари билан самимий табриклади. Фаол ҳамшираларга Касаба уюшманинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.
Вилоят ПРББУИТ болалар уйидан Маҳлиё Мирзабоева, Наманган вилояти руҳий-асаб касалликлар шифохонасидан Людмила Газиева, вилоят Перинатал марказидан Комилахон Азимова, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасидан Зуҳрахон Пўлатова, Наманган, Чуст, Косонсой, Норин туман тиббиёт бирлашмаларидан Санобар Қодирова, Феруза Ибрагимова, Ойшахон Ғаниева ва Назокат Мадраҳимовалар тақдирландилар.
- Таассуротларимиз бир олам,-дейди Наманган шаҳар болалар шифохонаси ҳамшираси Шоира Фозилова. - Касб байрами арафасидаги сайру саёҳатда кўнгилларимиз беҳад яйради. Ташкилотчиларга мингдан-минг раҳматлар айтамиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.