Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида соҳада жорий этилаётган янгилик - тиббий суғуртага ўтиш масалаларига бағишланган йиғилиш чақирилди. Бу амалиёт айни пайтда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида татбиқ этилаётгани ҳақида тушунча берилди. Келгуси йилдан яна 6 та вилоятда бу тартибга киришилиши, мамлакатда тўлиқ тиббий суғурта асосида тиббий хизмат кўрсатилиши 2024 йилдан бошланиши маълум қилинди.
Давлат тиббий суғурта жамғармасининг Наманган вилоятидаги бош мутахассиси Мухторжон Жўрабоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5199-сонли Қароридан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида маъруза қилди.
Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, ордер бериш механизмларини такомиллаштириш ва рақамлаштириш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.