Улар Бекзод Тоҳировга қарашлидир
Бу инсон 25 йилдан бери гулчилик билан шуғулланади. Болалигидан, яъни 7 ёшидан отаси Илҳомжон Тоҳировдан гул ўстириш сир-асрорларини ўргана бошлаган. Қунт ва катта иштиёқ бугун уни уддабурон тадбиркорга айлантирди. Аслида Абдулла бобоси ҳам гул шайдоси бўлган экан. Ўзи гулчилар сулоласининг учинчи авлоди.
Ҳозирда эллик сотих майдонда 200 турдаги гул ва гул кўчатларини парваришламоқда. Хонадонида эса 800 га яқин кактуси бор. 40 хил мавсумий гулларни етиштириш билан шуғулланади. Ёш ишбилармон шу йилги мавсумнинг биринчи босқичида 400 минг тупини сотувга чиқарди. Навбатдаги мавсум учун ҳам худди яна шунча гул сотишни мўлжаллаб турибди.
Бекзод Тоҳиров юртимизнинг кўплаб шаҳарларига ранг-баранг анвойи гуллар етказиб бериш билан кифояланмай, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига ҳам экспортни йўлга қўйган.
- Плантациямизда гуллар мавсумга қараб етиштирилади. Баҳоролди байрамларида сикламен, глаксина, гупилая ва бегония совғабоплиги билан харидоргир. Айни вақтда ишчиларимиз билан гуллар байрами арафасида питуния, катарантус, шафран, бананза, бегония сингари турларини сотувга чиқармоқдамиз, - дейди тадбиркор Бекзоджон Тоҳиров.
"Гуллар фабрикаси" 10 нафар ишчисига эга. Тиғиз мавсумий жараёнларда эса уларнинг сони 20 нафаргача етади. Диққатга сазовор яна бир ҳолат - бу ерда Наманган давлат университетида янги очилган гулчилик йўналиши талабалари амалиёт ўташни бошлаб юборишган. Уларнинг 17 нафари ўтган 20 кун давомида гулни қандай экиш ва парваришлаш бўйича зарурий кўникмалар олишди.
Гулчилар сулоласининг учинчи авлоди бўлмиш Бекзод Тоҳировнинг "гуллар фабрикаси"ни нафақат гуллар етиштириш, балки гулчилик билан боғлиқ илмий жараёнларни амалиёт орқали мустаҳкамлаш, ўрганилган билим ва малакани ишлаб чиқаришга йўналтиришнинг мўъжаз тажриба майдони дейишга ҳам тўла ҳақлимиз.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.