Ота ёки она ҳар куни эрта тонгдан боласини боғчага элтар экан, унга одобли бўлиб, ўз мураббийларига қулоқ тутишини йўл-йўлакай уқтириб боради. Саломатлиги омили - соғ­лом овқатланишини эса тарбиячисига ишонади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлда "Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят мактабгача таълим тизимида қатор ишлар олиб борилмоқда. Худди шу доирада аутсорсингнинг ютуқ ва муаммоларига бағишланган анжуман вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташкил этилди.

Наманган педагогика касб-ҳунар коллежида бўлган тадбирни вилоят мактабгача таълим бошқармаси матбуот хазмати раҳбари Саидолим Абдураҳмонов очди ва олиб борди. Анжуманда шаҳар ва туман мактабгача таълим бўлимлари раҳбарлари, МТТ директорлари, аутсорсинг асосида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар қатнашдилар. Бошқарманинг Болаларни соғлом ва хавфсиз овқатлантириш бўлими бошлиғи Маҳбуба Абдуллаева, мутахассис Сирожиддин Каримовлар иштирокчиларга аутсорсинг хизматларини кўрсатиш борасида тушунча ва маълумотлар беришди. Амалий мулоқот жараёнига қурилган анжуман журналистлар томонидан берилган саволлар, шунингдек, таклиф ва мулоҳазалар билан бойиган мунозаралар майдонини ярата олди.

Эътиборли томони, нотиқлар ўз нутқида вилоят мактабгача таълим бош­қармаси тасарруфидаги 97 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида шу йилнинг 1 январидан бошлаб боғча болаларнинг соғлом овқатланишида аутсорсинг усулда хизмат кўрсатилаётганини алоҳида қайд этишди. Маълумки, Мактабгача таълим вазирлигининг танлов комиссияси томонидан ўтказилган тендерда вилоят бўйича 29 нафар тадбиркор ўз номзодини кўрсатган. Улардан 7 нафари танловда ғолиб чиқиб, вазирликнинг тегишли қарори билан фаолият юритмоқда.

- Мамлакатимиз ҳукумати доирасида амалиётга тадбиқ этилган бу хизмат кўрсатиш тури мактабгача таълимда бир қатор қулайликларни яратиб, педагогларга ўз вазифалари билан фаол машғул бўлиш имконини туғдирди, - дейди матбуот хизмати раҳбари Саидолим Абдураҳмонов. - Жорий этилган янгиликнинг афзалликлари тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришдир. Сифатли таомлар тайёрлаш билан болаларнинг соғлом ва баркамол ўсишини янада яхшилаш, овқатлари истеъмоли чоғида санитария қоидалари, гигиена меъёрларига қатъий риоя этиш, ташкилот директорларини таълимга оид бўлмаган вазифалардан озод қилиш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш асосий мақсад саналади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.