Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Бугунги кун талабига ҳамоҳанг иш ташкил этиш, инсонларнинг дардига дармон бўлиш ҳаётий заруриятга айланган. Албатта, ҳар бир соҳа раҳбари ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ва тизимнинг қуйи бўғинидаги амалий фаолиятдан бохабар бўлмоғи лозим. Аҳолини ташвишга солаётган, одамлар кўтариб чиқаётган муаммо ва ижтимоий аҳамиятга доир масалаларнинг ечимини топиш учун ҳам маҳаллаларга бориб, фуқароларнинг мақсаду муддаоларига қулоқ тутиш жоиз.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг Чуст сафари дастури шу жиҳатдан ҳам кенг қамровли эди. Туманда тиббиётга оид муаммолар оз эмас, ахир. Айниқса, бирламчи бўғинда илгари амалга оширилган мақбуллаштиришдан сўнг тиббий-санитария ёрдами борасида жиддий эътирозларга сабаб бўлган масалалар ҳам бўй кўрсатиб қолди.

Аҳоли вакилларидан турли даржадаги идораларга мурожаатлар кўпайди. Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳаси ходимлари билан очиқ мулоқоти олдидан йўлланган кўплаб таклиф ва талабларда аввалги қишлоқ врачлик пунктларини қайта тиклаш сўралган эди. Туман ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биргаликда одамлар талабини қондириш йўлларини ахтарди. Бугунга келиб бу борада ижобий натижаларга эришилди ҳам.

Зеро, Чустнондаги тақдимот маросими ҳудудда яшовчиларнинг орзуси ушалганидан дарак берди. Собиқ қишлоқ врачлик пункти ўрнида кўркам ва шинам оилавий шифокорлик маскани қад ростлади.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида 1 миллиард 370 миллион сўм бюджет маблағи сарфланиши эвазига икки қаватли тиббиёт маскани замонавий қиёфага кирди, энг янги мебель ва ўзига хос дизайндаги жиҳозлар билан таъминланди. Энди Чустнон - Дўстларобод маҳалласида яшовчилар ўттиз чақирим йўл босиб, Шаён оилавий поликлиникасига қатнаб юришмайди. Малакали тиббий ёрдамни шу даргоҳда, тажрибали шифокорлардан олишади. Ҳатто кундузги шифохона ва лаборатория хизмати ҳам шакллантирилган.

Туман ҳокими Бекзод Ҳамдамов табрик сўзида ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар самараси ўлароқ маҳалла аҳлининг яшаш шароитлари яхшиланиб бораётганлигини таъкидлади. Таълим масканлари очилди. Ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Фойдаланишга топширилаётган оилавий шифокорлик пункти эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бир вақтлар фаолияти тўхтатилган тиббиёт масканлари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириғи билан яна элимизга хизмат қила бошлаётганини мамнуният билан қайд этди. Дарҳақиқат, мазкур оилавий шифокорлик пункти ҳам шулар жумласидандир. Кейинги пайтларда ўта қаровсиз ҳолатга тушиб қолган бино қайта таъмирланиб, намуна қилиб кўрсатса арзийдиган даражадаги тиббиёт масканига айлантирилди. Энди бу даргоҳда аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилиши учун барча имкониятлар яратилади. Жумладан, беморларга 120 хилдаги бепул дори-дармонлар тарқатилади. Шу билан бирга замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилади. Бу хайрли ишларнинг дебочаси сифатида физиотерапия қурилмаси топширилди.

Қишлоқ оқсоқоллари туман ҳокими ва бошқарма бошлиғи билан мулоқот чоғида оилавий шифокорлик пункти очиб берилганлиги учун давлатимизга чексиз миннатдорчилик изҳорлашди. Саломатликларини янада мустаҳкамлашга маҳалладошларни даъват этишди, хусусан, соғлом турмуш тарзи тамо­йилларига амал қилиш ҳар бир хонадон аъзосининг қатъий вазифасига айланишини таъкидлашди.

Кейинги манзил олис Оғасарой қишлоғи бўлди. Бу ерда бир вақтлар ҳудудий шифохона мавжуд эди. Унинг биноларидан фойдаланса бўлади. Ҳокимлик ва бошқарма раҳбариятининг ташрифи чоғида дастлаб шу масалага ойдинлик киритилди. Меҳмонлар мазкур бинода давлат-шериклик асосида хусусий шифохона очиш ташаббусини кўтаришди. Аҳоли вакиллари оғасаройликларнинг узоғини яқин қиладиган, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган давогоҳ ташкил этилиши ғоясини илгари суришди. Томонлар бу эзгу мақсадга маблағ йўналтирадиган тадбиркорни излаш юзасидан келишиб олишди.

Шу куни мазкур бинонинг бир қисмида оилавий шифокорлик пункти очилди. Собиқ қишлоқ врачлик пункти биносини қайта таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 170 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Оғасарой маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 360 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиниши ҳисобга олинса, янги тиббиёт масканининг аҳамияти беқиёслиги яққол намоён бўлади.

- Қулайликларни кўриб, жуда ҳам қувондик. Тиббий хизмат яқинлаштирилгани бағоят маъқул. Энди шифокорга кўриниш учун ортиқча йўл юришга ҳожат қолмади. Кундузги шифохона ҳам ташкил этилибди. 120 хил дори-дармон бепул берилар экан. Одамлар саломатлиги учун ғамхўрлик қилаётган Президентимизга чексиз ташаккурлар айтамиз, - дейди меҳнат фахрийси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Темурали ота Икромов.

Дамобод туман марказидан 18 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуддаги оилавий шифокорлик пункти эшикларининг қайтадан очилиши тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар самарасидир. Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Саломатлик посбонларига одамларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш вазифаси юкланган бўлса, оқсоқоллардан эса манзилларда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, соғлом овқатланиш талабларига амал қилиш ва жисмоний фаолликни оширишга амалий кўмак бериш сўралди. Бошқарма ҳузурида 1103 қисқа рақамли САLL маркази ишлаб турганлиги, ҳар қандай мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмаслиги айтилди.

Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов, бошлиқ ўринбосари Мухторжон Жўрабоев, туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида чекка ҳудудларда барпо этилаётган "Маҳалла тиббиёт масканлари", эски тиббиёт муассасалари ўрнида ташкилланиши кўзда тутилаётган тиббиёт кластерлари билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Соҳа ишини янги босқичга кўтариш бўйича ҳокимлик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан маслаҳатлашиб олинди.

- Туманимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида яшовчиларга хизмат кўрсатадиган 11 та контейнер шаклидаги "Маҳалла тиббиёт маскан"ини очишга тайёргарлик кўрилмоқда, - дейди Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи в.б. Саноатхон Каримова.

Раҳбарнинг Чустдаги куни ғоят сермаҳсул ва сермазмун кечди. Қатор муаммоларни ҳал этиш чоралари изланди. Бошқарма Ишчи гуруҳи ҳозирда ана шундай маҳаллабай иш олиб боряпти. Фаолиятни ташкил этишга янгича ёндошувлар тез орада ўз мевасини беришига ишончимиз комил.

Абдулла ҒОЗИЕВ.