Юрак инсон қонини ҳаракатга келтирувчи биринчи даражали аъзо ҳисобланади. Ҳамма яхши биладики, қон - жон демак. У юриб турсагина ҳаётбахш. Тўхтаса - умрга нуқта қўйилади. Буни юракнинг бир маромдаги зарбидан сезамиз. Мабодо уриб туриши тезлашсаям, секинлашсаям - қисқаси мароми бузилса, хасталикдан дарак беради.

Оқибатда беҳолланасиз, ички ҳовлиқиш рўй беради, бошингиз айланади, кўзингиз тинади, совуқ терга тушасиз, хушдан кетасиз, охири ҳаётдан эрта кўз юмиш қисматингизга айланади. Агар вақтида кардиолог шифокорларга мурожаат этсангиз, соғайиб кетишингиз осонлашади. Агар бепарво юраверсангиз сўнгги нажотни юрак жарроҳидан қидирасиз. Улар имкони бўлса, кўкрагингизни очмасдан, имконсиз ҳолда очиб, хирургик жараёнларни ўтказишади.

Бугун шундай илму малакали юқори мутахассислар республикамиз ва вилоятимизда деярли етарли. Шунга қарамай, ғоят мураккаб операциялар ҳам борки, уларни хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ўтказиш яхши самара беради. Яъни тажриба ўрганилади, маҳорат ўзлаштирилади. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида - оммалашган тилда айтсак - вилоят кардиология марказида бу борада дадил қадамлар ташлаб келиняпти. Бир неча кун аввал қозоғистонлик мутахассис ёрдамга келган эди, энди россиялик меҳмон хирургия бўлимидаги чортоқлиқ Унсиной Жўраевани жарроҳлик столига ётқизди. У ҳамкасблар билан ўта оғир ҳолатдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришди, десак асло янглишмаймиз.

- Беморимиз сурункали ревматик касалликдан озор чекиб келган, - дейди бўлим мудири Абдусалом Хўжамбердиев. - Россиялик олим-жарроҳ Видади Умудович билан биргаликда бир неча соат давомида беморни ўлим чангалидан қут­қариш учун курашдик. Очиқ усулдаги амалиётимиз уч босқичда кечди. Юрак томирининг аорта қисми тўла алмаштирилди, ортал клапан қўйилди, метрал трикуспидал клапан пластикаси бажарилди. Бундай юқори технологик мураккаб жараённи муваффақиятли якунлашимиз биз врачларнинг олдимизга қўйган энг нозик операцияларниям вилоятимизнинг ўзида уддалашимизга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлади. Ёш ҳамкабларимиздан Араббек Қаюмов билан Орифжон Қосимов ҳам кўмаклашиб туриб, тажриба ва маҳорат сабоғини олишга ҳаракат қилишди. Бизнинг бу фаолиятимиз Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қўйилган муҳим вазифалардан бирининг ижросига астойдил киришганимизнинг яққол исботидир. Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари - халқимизнинг соғлом яшаши кафолатини бераверади, албатта.

Биз россиялик мутахассис меҳмонни мулоқотга тортдик. Ташриф таассуротларини билишга қизиқдик.

- Наманганга илк бор келишим, - дея тўлқинланиб сўз бошлади тиббиёт фанлари номзоди Видади Эфендиев.- Тошкентдан енгил автомобилга ўтириб, Қамчиқ довони йўлларидан келар эканман, кўнглим беҳад яйради. Баланд тоғлар, хушҳаво манзиллар, гўзал манзараларга боқиб, Ўзбекистон мафтункор диёрлигидан ҳайратга тушдим. Наманганга кириб келгач, йўл қирғоқлари-ю, ўрталарида очилган анвойи гуллар гўё мўъзижадай туюлди менга. Қандай чиройли, ҳавас қилса арзигудай шаҳарларинг бор экан! Шундай халқнинг саломатлигини сақлашга ҳисса қўшиш ниятида эканимдан ғоят мамнунлик ва масрурлик сездим. Қанча билим, қанча тажрибам бўлса, ҳар келганда сизларнинг мутахассисларинга ўргатиб кетишдан чарчамасам керак.

Дарвоқе, Видади Умудович Эфендиев россиянинг таниқли ёш кардиохирургларидан. У Новосибирскдаги Мешалькина клиникасида ишлайди. Тошкентдаги "Медион инновацион" марказида ҳам фаолият юритади. Шартнома асосида жарроҳлик тажрибасини ўзбекистонлик кардиохирурглар ўртасида ёйилишидан беҳад фахрланади. Ўзаро ҳамкорликнинг икки томонлама манфаатли экани бундан буён ҳам ташрифлари бардавом бўлишига кафолат берса ажаб эмас!

Содиқ САЙҲУН.