Самара вилояти губернаторининг ўринбосари Наталья Катина бошчилигидаги делегация Наманганда бўлди. Меҳмонлар вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти, таълим ва тиббиёт тизимлари фаолияти билан танишдилар.

Россиялик тиббиётчилардан иборат гуруҳ аъзолари вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларига ташриф буюришди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, "Анамед" клиникаси фаолияти ўрганилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида олиб борилаётган ишлар айниқса катта қизиқиш уйғотди. Филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов кардиология соҳасини янада такомиллаштириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш борасидаги изланишлар ҳақида сўзлаб берди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ва Самара вилояти онкология маркази ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйиладиган бўлди. Наманган ва Самара вилоятлари онкология марказлари ўртасида меморандум имзоланди. Самара вилояти онкология маркази директорининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Светлана Шишкина икки давлат онколог-шифокорларининг касалликларни эрта аниқлаш ва беморларни сифатли даволаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ижобий натижалар кўрсатишига умид билдирди.

Тольяттидаги 5-шаҳар шифохонаси ҳудуддаги энг йирик тиббиёт муассасаси ҳисобланади. 2 минг ўринли клиникада нафақат маҳорат ошириш, балки замонавий соғлиқни сақлашга оид билимлардан ҳам баҳраманд бўлиш мумкин. Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Тольятти шифохонаси ўртасида ҳам меморандум имзоланди.

- Юртингиз тиббиёти анча илгарилаб кетганига гувоҳ бўлдик. Татбиқ этилаётган айрим янгиликлар ҳатто бизнинг тасаввуримизда ҳам йўқ,- дейди 5-шифохона бош врачи Алексей Николаевич Краснов. - Албатта, бир-биримиздан ўрганиш баробарида соҳа ишини янада юксалтиришга эришамиз. Шу ўринда ушбу учрашувда имзоланган ҳужжатда ҳамкорликни нафақат ташкиллаш, балки келгусида янада кенгайтиришни мақсад қилиб олдик.

Шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, шу куни Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари Низомиддин Отамирзаев Россия Федерацияси Самара давлат тиббиёт университети вакиллари билан ҳам меморандумга имзо чекди. Мазкур университет Наманган давлат университети билан ҳам тиббиёт кадрлари тайёрлаш ва илмий изланишларда ҳамкорлик ўрнатадиган бўлди. Шу тариқа икки томонлама манфаатли алоқаларга тамал тоши қўйилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.