ёхуд ВКТТМда юқори технологияли жароҳатсиз жарроҳлик
Тиббиётга юқори технологияларни қўллаш борасида нафақат мамлакатимиз пойтахтида, балки Наманган вилоятида ҳам дадил қадамлар ташланмоқда.
Чунончи, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоасининг Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари билан ҳамкорлигининг кейинги пайтларда ғоят қувончли самаралари кўзга ташланмоқда. Сўнгги янгиликка академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказининг филиалида қўл урилди. Марказ директорининг тиббиётга юқори технологияларни жорий этиш бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Ҳошимов бу галги ташрифида наманганлик ҳамкасбларига янги амалиётдан маҳорат сабоқларини берди.
Наманган шаҳрида яшовчи 58 ёшли Мавлудахон Мўминова диафрагмия қизил ўнгач тошли чурраси билан озор чекиб келар экан, бу дарддан ниҳоят халос бўлиш фурсати етди. Мураккаб амалиётнинг жароҳатсиз ўтказилишини эшитган беморнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
- Кеча операцияга тайёргарлик олдидан дардман аёл билан мулоқот чоғида янги технологиянинг афзалликлари, айниқса жароҳатсиз ўтиши ҳақида гаплашганимизда беихтиёр унинг кўзларида умиду ишонч чақнади, ташвишу хавотирлари тарқаб кетди, - дейди Шуҳрат Хуршидович. - Лапароскопик усул - жароҳатсиз амалиёт ўтказиш имконини яратади-да. Янаям аниқроғини айтсам, махсус асбоб билан қориннинг олд қисмидан кичкина тугмадек тешик очиб, инсон ичига "кириб борилади". Аъзодаги нуқсон бартараф этилади. Эндоскоп ёрдамида текширилган жойда хирургик амалиётга киришилади. Операция якунлангач, асбоблар яна туйнукдан озорсиз чиқариб олинади. Беморнинг бошқа аъзоларига сира зиён-заҳмат етмайди.
Дарҳақиқат, бемор Мавлудахон Мўминованинг қизил ўнгач чурраси бартараф этилгач, кўп вақт ўтмай кўзини очди ва ўзини ҳаётга қайтадан келгандек ҳис қилди.
Иккинчи бемор мингбулоқлик 27 ёшли Нигора Жавҳарова экан. Унга спленомегалия ташхиси қўйилган бўлиб, талоғи шишиб, катталашиб кетган.Жигарига ортиқча "юк тушиб" қаттиқ оғриқ азобини тортиб юрган. Қони тобора камайиб жуда-жуда ҳолсизланган. Нигора ҳам шифобахш лапароскопия усули орқали дарддан осонгина қутилди.
- Энг муҳими ҳар икки бемор имтиёзли равишда саломатликларини тиклашмоқда, - дейди вилоят кўп тармоқли маркази хирургия бўлими мудири Қуёшбек Йўлдошев.- Аслида бундай амалиёт ноёб ва қиммат туради. Лекин барча харажат давлат томонидан қопланаётгани уларнинг қувончини икки карра орттириб юборди, десак асло муболаға эмас. Ўзлари ҳам, яқинлари ҳам янги Ўзбекистондаги тиббий ислоҳотлар туфайли саломатликларини тезда тиклаб, соғлом кишилар сафига қўшилишганидан беҳад миннатдорчилик изҳорлашаяпти. Шифобахш лапароскопия соҳасидаги янгиликлар бундан кейин ҳам давомли бўлиши таъминланаверади.
Содиқ САЙҲУН.