Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали шифокорлари ҳам аҳолига юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш доирасини янада кенгайтириш сари астойдил изланмоқдалар.
2018 йилда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг "Ривожланаётган Давлатларда ижтимоий соҳани ривожлантириш учун кичик грантлар" дастури орқали 110 минг АҚШ доллари миқдорида гранд маблағлари олишга эришилганди. Бу маблағ ҳисобига Германиянинг "Карл Шторц" компаниясининг "Нейроэндоскоп" аппарати сотиб олинди ва 2019 йил ўрнатилди. Натижада замонавий микронейрохирургик оператив даво муолажалари йўлга қўйилди
Нейроэндоскоп аппаратида мураккаб амалиётларни бажаришни ўрганиш мақсадида филиал нейрохирурглари Tokyo Women's Medical University Medical Center East клиникаси, Токио, Японияда, Ангилиянинг Шеффельд шаҳрида ва Россиянинг Москва шаҳридаги Н.Н.Бурденко номидаги Нейрохирургия илмий марказида малака ошириб қайтишди. Эндиликда бу такомиллашган қурилма воситасида ўнлаб ўта ноёб ва ўта қийин жарроҳлиқ амалиётлари ўтказиб келинаётир.
Яқинда яна бир хайрли ишга қўл урилди. "Гипофиз бези макроаденомаси супраселляр ўсиши. Асорати: кўрув нерви хиазмаси ва мия III-қоринчасини эзилиши. Чап томонлама гемианопсия" ташхиси куйилган беморда юқори технологик "Трансназал нейроэндоскопик усулда гипофиз бези макроаденомасини олиш" операцияси амалга оширилди. Амалиёт Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази нейрожарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Рустамжон Давлатбекович Аманов томонидан "маҳорат дарси" сифатида олиб борилди. Унда филиал нейрохирурглари ҳам иштирок этиб, тажрибаларини бойитдилар. Икки ярим соат давом этган мураккаб операция муваффақиятли якунланди.
Сайдулло ШАРИФБОЕВ.