Буйрак етишмовчилиги оғир хасталиклар сирасига киради. Афсуски, кейинги йилларда бу дард билан касалланганлар сони ортмоқда. Илгари хастаҳолларнинг умр кечириши ўта қийин эди. Ҳозирга келиб нажоткор асбоб-ускуна ва қурилмаларнинг йилдан-йилга мукаммаллашуви самараси ўлароқ ўткир ва сурункали буйрак касалликлари билан оғриган инсонларнинг ҳаёти таъминланмоқда. Бу - нефрология ва гемодиализ хизмати йўлга яхши қўйилгани, унинг моддий-техник имкониятлари равнақ топаётгани туфайлидир.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида 2006 йилда гемодиализ бўлими очилган эди. Саноқли қурилмаларгина бор эди ўшанда. Бугунга келиб бемор танасини зарарли моддалардан тозаловчи, яъни "сунъий буйрак" вазифасини ўтовчи ноёб аппаратлар сони 14 тага етказилди. Ўз навбатида тиббиёт ходимларининг малакаси ҳам ошиб борди. Тўрт нафар шифокор ва 68 нафар ўрта тиббиёт ходими беморларга кечаю кундуз тиббий хизмат кўрсатмоқда.

- Ўн тўрт йилдан бери шу ерга қатнайман. Саломатлик посбонларининг мадади билан касалликни енгишга муваффақ бўляпман, - дейди Насиба Хўжаева.

Нажот излаб келган хасталарга меҳр бериш, улар дардини енгиллатиш, буюк неъмат - яшашга бўлган иштиёқларини уйғотиш ғоят савобли ишдир. Тажрибали шифокор Абдубанно Иброҳимов бошчилигидаги бўлим жамоаси ҳамиша ўз вазифаси масъулиятини чуқур англаган ҳолда фаолият олиб боради. Катта ҳамшира Маъмура Нуриддинова, ҳамширалар Назира Холмирзаева, Назокат Матмуса­ева, Малоҳат Мавлонова, фельдшерлар Бобуржон Ҳамдамов, Мирзоҳид Турғунов, Санжар Бозоров, Абдулазиз Раҳимовлар хизматидан беморлар доимо хурсанд.

Авваллари гемодиализга боғланиб қолиш ўта ташвишли кечарди. Соҳага татбиқ этилаётган илғор тажрибалар, қолаверса тиббий қурилманинг замон талаблари асосида ривожлантирилиши ҳам натижадорлик ўсиши имконини беряпти.

- Илгариги қурилмалар иш сифати билан ҳозиргиларининг имкониятлари таққосланганда жуда катта тафовутни кўриш мумкин. Такомиллашган аппаратлар натижасида хизмат самарадорлиги ортмоқда, беморларнинг умрига умр қўшишга эришяпмиз, - дейди шифокор Ғайбулла Ғаффоров.

Бўлим Наманган шаҳри, Наманган ва Тўрақўрғон тумани аҳолисига хизмат кўрсатади. Эҳтиёжнинг ортиши мавжуд қувватларни янада оширишни тақозо этмоқда. Яқин орада Германиядан яна иккита гемодиализ аппарати олиб келинади. Сув тозалаш иншооти учун жиҳозлар эса етказиб берилди. Жорий йилнинг ўзида бу воситаларнинг ишга туширилиши нафақат хизмат сифатини, балки қамров доирасини ҳам кенгайтиришга олиб бориши шубҳасиз.

- Шифокор сифатида буйрак касалликларини бошидан кечираётган инсонларга тавсиямиз шуки, хасталикнинг охирги боқичида эмас, барвақтроқ гемодиализга тушиб борилса, яшаш муддатини узайтириш имкониятлари шунча кўп бўлади, - дейди бўлим мудири А.Иброҳимов.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, вилоятимизда аҳолига кўрсатилаётган нефрология хизмати тобора кенгайиб,фаоллашиб бормоқда. Ҳозир РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиб­биёт маркази, ҳатто Уйчи ва Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмаларида ҳам шундай бўлимлар ишлаб турибди. Келгусида вилоят эндо­кри­нология диспансери, Учқўр­ғон ва Поп туманларида ҳам нефрология ва гемодиализ ёрдамига ихтисослашган бўлимлар очилади.

Зеро, Президентимизнинг 2021 йил 26 июлда қабул қилинган "Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Абдулла ҒОЗИЕВ.