Тўрақўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган янги - болалар бўлими ҳар бир она-болага шуни раво кўрмоқда.

"Аҳолининг кўплаб эътирозлари ҳам поликлиникаларда болалар учун шароит йўқлиги билан боғлиқ. Энди бу тизимни ўзгартириш вақти келди. 2022 йил 1 майдан бошлаб барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади". Бу янгиликни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотда сўзлаган нутқида тилга олиб ўтган эди. Хушхабар хал­қимизни ғоят хурсанд қилган бўлса, тиббиётчиларни астойдил ҳаракатга солиб қўйди. Айтилган муддат келишини ҳам кутиб ўтирмай давлат раҳбари қўйган муҳим вазифаларни тезроқ бажариш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Вилоятда биринчи бўлиб Тўрақўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида болалар бўлими ташкилланди.

- Поликлиникамизнинг учинчи қаватидаги 12 та хонани болалар бўлими жамоасига ажратиб бердик, - дейди ТТБ бошлиғининг амбулатор-поликлиника хизмати бў­йича ўринбосари Абдурасул Икромиддинов.-Тор соҳа мутахассисларининг деярли барчаси ўз хонасига эга бўлди. Болаларни пе­диатрлардан ташқари кардиолог, невролог, психиатр, хирург, уролог, окулист, эндокринолог ва травматологларгача қабул қила бошлашди. Энди оналар фарзандларини кўтариб, қаватма-қават юришмайди. Барча мутахассислар бир жойда, ёнма-ён хоналарда тиббий кўрик ўтказишади, ташхис қўйишади, муолажа қилишади, дори-дармон ёзиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар беришади.

Биз бўлим фаолият олиб бораётган залга кўтарилганимизда хоналар эшиги олдида болалари билан турган оналарнинг қулайликлардан беҳад мамнун эканликларига шоҳид бўлдик.

- Авваллари шифокор қабулига катталар билан аралаш кириларди, қатор-қатор навбатда туриб, қийналар эдик, ҳозир эса алоҳида болалар бўлими очилгани учун ортиқча кутишларга, сарсонгарчиликларга ўрин қолмабди, - дейди хурсанд ҳолда Ҳалима Абдуллаева.- Бугун ўғилчам билан бирга қиз чақалоғимни педиатр кўригидан ўтказдим. Яна кардиолог ва невролог маслаҳатиниям олдим. Кўнг­лим тўқ, сабаби ҳар икки фарзандимда ташвиш чекадиган касаллик аломатлари аниқланмади. Вақтида эмлашга олиб келиб, тўғри овқатлантириб турсак, улар ҳамиша соғлом катта бўлишларига эришаверамиз. Оналар ва болаларга шундай шароит ва имкониятлар яратилаётгани учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтсак арзийди-да.

- Олти ой аввал пенсияга кузатилгандим, - дейди ҳозиргина фаолиятини давом эттиришни бошлаган педиатр Маликахон Акбарова. - Поликлиника раҳбари янги болалар бўлими очилганини, тажрибам етарли экани учун келиб ишлашим мумкинлигини айтганида бошим осмонга етди. Бор билиму кўп йиллик малака-маҳоратимни яна кичик беморлар саломатлигини сақлашга бағишлаётганимдан ўзимни беҳад бахтиёр ҳис қиляпман. Қадр-қимматимизни билишиб, севимли касбимиз билан шуғулланишга қайтаришган экан, бундан буён ҳам ҳалол ва фаол ишлаб ёшларга ибрат бўлаверамиз.

Дарҳақиқат, оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш - Янги Ўзбе­кис­тон тараққиётида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир эзгу ният, эзгу иш, эзгу амал - эртанги баркамоллик учун мустаҳкам пойдевор. Тўрақўрғонлик тиббиётчиларнинг хайрли ҳаракатлари соғлом ва бақувват навқирон авлодни вояга етказишдек юксак мақсад сари ташланаётган яна бир қутлуғ қадамдир.

Содиқ САЙҲУН.