Юртимизда она ва бола соғлиғига ҳар доим муҳим масала сифатида қаралади. Икки жон саломатлиги билан миллат, насл давомийлиги таъминланади. Шунинг учун бу борада қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Соғлом авлодни дунёга келтирувчи аёлларга қаратилаётган эътиборнинг кўлами кенгаймоқда.
Наманган "Ёшлар маркази"да вилоят перинатал маркази ташаббуси билан "Акушерликда қон кетиш: маҳорат дарси" мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг 100 дан зиёд гинеколог, бош ҳамшира ва доялари қатнашишди.
Вилоят перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Ирода Муҳиддинова семинарни кириш сўзи билан очди. Маҳорат дарси мавзусининг долзарблиги, бу борадаги илмий изланишлар натижаси, амалиётга тадбиқ этилаётган янгиликларнинг самараларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тренинг машғулотини Тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини ривожлантириш маркази доценти, тиббиёт фанлари номзоди Камолахон Мухтарова олиб борди. Мазкур йўналишда эришилаётган ютуқларга қисқача тўхталиб, келгусида қилиниши лозим бўлган ишларни бирма-бир тушунтириб ўтди. Аёлларда қон кетиш ва бу жараёнда биринчи ёрдам кўрсатишда йўл қўйилаётган камчиликларни далиллар асосида таҳлил этиб берди.
Тадбир иштирокчилари "Акушерликда пабал препаратини қўллаш", "Акушерликда қон кетиш ва бу жараёнда биринчи ёрдам", "Уч жуфт қон томирлари ва ички ёнбош артериясини боғлаш", "Линча ва гистеротомия жарроҳлик амалиётлари", "Геморрагик шок", "Плацента тўла олдинда жойлашганда кесар кесишнинг модификацияси" мавзуларидаги маърузаларни тингладилар.
Шунингдек, мавзу доирасида вилоят перинатал маркази акушер-гинекологлари Лола Абдуллаева, Ҳавохон Қосимова, Насибахон Абдураҳмонова, Ферузахон Давронова, Дилнозахон Тиллабоева, Юлдузхон Алимоваларнинг маърузаларидан ҳам етарли, бой таассурот олинди ҳамда кўникмаларини янада бойитилди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.