"Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ,

баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади".

                                                                                 Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Абдулҳоди ИМИНОВнинг вилоят аҳлига

МУРОЖААТИ

Барчангизга маълумки, ўтган ойда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди. Ана шу тарихий учрашувда Президентимиз сўзлаган нутқда олға сурилган ғоя ва мақсадлар Янги Ўзбекистон тиббиётини янада ривожлантириш, соҳа ишини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш тизимига дахлдор муаммоларнинг барчасига ечим топиляпти. Тиббиёт ходимлари қадр-қимматини, нуфузини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш имкониятларини кенгайтириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Қисқаси, давлатимиз томонидан нимаики зарур бўлса барчаси муҳайё этилмоқда. Гап энди шифокору ҳамширалар, мутахассисларнинг виждонан, сидқидил хизмат кўрсатишида қолди.

Бугун соҳа вакиллари Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган масъулиятли ва шарафли вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш учун енг шимариб ишга киришганлар, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Шунинг учун халқимиз дардига дармон бўлиш соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг эзгу муддаосига айланган. Бунга эришиш эса, аввало, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, касбга садоқат, бурчга содиқлик, ташаббускорлик намуналарини амалда кўрсатишга ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Вилоятимиз тиббиёт ходимлари айни пайтда ишда туб бурилиш ясаш, бор имкониятлардан тўла фойдаланиш, намунали фаолият билан аҳоли меҳрини қозониш учун астойдил интилмоқдалар. Айниқса, бирламчи бўғин ишини тубдан яхшилаш чоралари кўрилаётир.

Шу ўринда Уйчи туманида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эътиборга моликдир. Тумандаги барча оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари фаолиятини такомиллаштиришга, рейтинг баҳолаш тизимини жорий этишга астойдил киришилди. Қолаверса, аҳоли талаб ва истаклари инобатга олиниб, қулай ва ихчам тиббиёт масканларини ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида кундузги шифохоналар фаолияти тикланмоқда. Илгари мақбуллаштирилган бирламчи бўғин муассасалари хизмати яна йўлга қўйиляпти. Жумладан, олис Даҳия ота қишлоғидаги собиқ қишлоқ врачлик пункти биноси мукаммал таъмирланиб, оилавий шифокорлик пункти сифатида қайтадан очилди.

Вилоятда биринчи бўлиб чекка Янгиер қишлоғида "Маҳалла тиббиёт пункти" фойдаланишга топширилди. Яқин орада бошқа ҳудудларда 70 га яқин шундай давогоҳлар ўз фаолиятини бошлайди.

Хабарингиз бор, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ишчи гуруҳи бир неча кун вилоятимизда юришди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов ва вазир ўринбосари Улуғбек Собировлар вилоятимизда кечган "Саломатлик кунлари" самарали ўтишига раҳбарлик қилишди. Малакали мутахассислар соҳани комплекс ривожлантиришга амалий кўмак беришди. Уйчида вазирликнинг сайёр қабули ташкил этилди. Кўплаб ҳамюртларимизнинг мурожаатлари тингланди. Оғир дардга чалинган инсонларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, туман, вилоят ва республика шифохоналарида имтиёзли даволаш чоралари кўриладиган бўлди.

Бундан ташқари пойтахтимиздаги етакчи тиббиёт марказларининг кўп сонли шифокор-олимлари ҳам Наманганга келишди. Улар аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишмоқда. Худди шундай тиббий тадбир Уйчи тумани маданият марказида ташкилланди. Унда республикамиз ва вилоятимизнинг барча тор соҳа шифокорлари фаол иш олиб бордилар. 300 нафарга яқин киши ўз саломатлиги ҳақида тушунчага эга бўлди. Касаллик аниқланган фуқароларни соғ­ломлаштиришга киришилмоқда.

"Маҳаллабай" ишлаш тизимини жорий этишда мамлакатимиз ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вакиллари яқиндан ёрдам беришмоқда. Уйма-уй юрилиб, сурункали касаллиги бор, муҳтож инсонлар мақсадли скринингдан ўтказилмоқда. Вилоят ва республика шифохоналарида даволанадиган беморлар саралаб олинмоқда. Қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ва бошқа даволаш муассасаларида 50 дан зиёд юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Ҳамкорликдаги серқирра фаолият баробарида одамлар тиббий хизмат кўрсатишдаги ўзгаришларни яққол ҳис этишмоқда. Бу эзгу ишлар йил бўйи давом эттирилади. Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди,албатта.

Лекин ишимизга тўғаноқ бўлаётган салбий ҳолатлар ҳам йўқ, деб айта олмаймиз. Зеро, шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши керак. Соҳани коррупциядан холи этиш учун кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, афсуски, турли ҳуқуқбузарликлар ҳамон учраб турибди. Шунинг учун юртдошларимизга мурожаат қилиб, айтиб ўтамизки, қайсидир тиббиёт муассасасида коррупциявий кўринишлардан воқиф бўлсангиз, дарҳол бизни хабардор қилинг.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасида доимий фаолият кўрсатувчи 1103 қисқа рақамли CALL маркази ишлаб турибди. Агар Сизда соғлиқни сақлаш тизимига оид эътироз ва шикоятлар бўлса ҳам бу имкониятда фойдаланишингиз мумкин. Ҳар қандай мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ҳамкорликка чақираман. Мақсад соҳа ишини тубдан яхшилаш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини янада кўтаришдан иборат.