Чортоқ туманидаги Кўшан қишлоғида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа содир бўлди. Андижон давлат тиббиёт институти 6-босқич талабаси ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи 52-оилавий поликлиникага раҳбар этиб тайинланди.
Шу муносабат билан муассаса жамоасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган Ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов иштирок этди.
Амрилло Иноятов йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувида белгилаб берилган вазифалар хусусида фикр юритди. Касалликларнинг олдини олишда, соғлом турмуш маданиятини шакллантиришда, жисмоний фаолликни оммалаштиришда бирламчи тизим муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Аҳолига энг яқин бўлган ушбу бўғин ишини тубдан такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратди. Бу ўринда ташаббускор, изланувчан ва билимдон кадрларга таяниш ижобий самаралар беришини айтиб, мазкур оилавий поликлиникага олийгоҳни тамомлаш арафасида турган Сардорбек Эрмуҳаммедов мудир этиб тайинланганлиги ҳақидаги буйруқни ўқиб эшиттирди.
Таништирув маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, 52-оилавий поликлиника шифокори Абдурасул Холмирзаев, ҳамшира Манзура Абдураимова, тез ёрдам хизмати шохобчаси бошлиғи Ҳурсандбек Зайнобиддиновлар янги мудирга омадлар тилашди ҳамда масъулиятли вазифани адо этишда жамоа билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, қишлоқ аҳлига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришиш юзасидан қимматли маслаҳатлар беришди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизими янги авлод вакиллари билан мустаҳкамланди. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаётган 242 нафар талаба ҳамда магистратура ва клиник орденатурани якунлаётган мутахассислар она юртларига қайтиб келишди. Улар РШТЁИМ Наманган филиали мажлислар залида вазирлик раҳбарлари томонидан тантанали равишда кутиб олинган эди. Ёш шифокорлар вилоят тиббиёт муассасаларида ишга киришдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.