Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида янги саломатлик давогоҳлари пайдо бўлди. Уйчи туманининг олис Янгиер маҳалласида фойдаланишга топширилган "Маҳалла тиббиёт маскани" бирламчи бўғиндаги илк шохобча сифатида тарихга кирди.

Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш вазифаси белгилаб берилган эди.

Наманганда бу борада муҳим қадамлар қўйилмоқда ва туманлар марказидан анча узоқларда жойлашган қишлоқларда ихчам ва қулай тиббиёт масканларини очиш ишлари бошлаб юборилди.

Янгиердаги тиббиёт масканининг тақдимоти байрам тусини олганлиги ҳам бежиз эмас. Ҳозирга қадар одамлар врачларга кўриниш ва муолажалар олиш учун 23 километр масофада жойлашган КТМПга қатнашга мажбур эдилар. Энди бўлса бунга асло ҳожат қолмади. Ҳудудда қад ростлаган шохобчада малакали шифокор ва ҳамширалар фаолият юритишади. Шинам масканда барча шароитлар муҳайё. Муҳими 120 хил бепул дори-дармон заҳирасигача ҳам яратилган.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов аҳоли турмуш маданиятини юксалтиришда, айниқса соғлом турмуш тарзини шакллантиришда бундай шохобчаларнинг аҳамияти беқиёслигини таъкидлади. Меҳнат фахрийси Раънохон Абдиева халқ саломатлигини сақлаш ва инсон манфаатларини таъминлаш учун чексиз ғамхўрликлар кўрсатилаётгани учун Президентимизга аҳоли номидан миннатдорчилик изҳор қилди.

Шу куни яна бир қишлоқ - Даҳия-отада ҳам тақдимот маросими ўтказилди. Собиқ қишлоқ врачлик пункти 2017 йилда мақбуллаштирилганлиги сабабли бу ҳудудда тиббиёт муассасаси қолмаган эди. Аҳолининг талаб ва истаклари қондирилиб, бино таъмирланди ва қайта оилавий шифокорлик пунктига айлантирилди. 14 та хонадан иборат тиббиёт масканида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар яратилган. Аёллар ва болалар учун алоҳида хоналар, лаборатория, ҳатто кундузги шифохона ҳам бор. Энди бу ерда малакали тиббий ёрдам олиш учун шарт-шароитлар мукаммал даражага келтирилган.

Янги оилавий шифокорлик пункти­нинг очилишида сўзга чиққан маҳалла оқсоқоллари халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлардан аҳоли бағоят миннатдор эканлигини изҳорлашиб, хайрли ишларнинг ташаббускорлари ва ташкилотчиларини дуо қилишди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, вазир ўринбосари Улуғбек Собировлар иштирок этишди.