ёхуд беморларнинг мия қон томиридаги нуқсонларини жароҳатсиз жарроҳлик усулида бартараф этишга
водийда биринчи бўлиб РИКИАТМнинг Наманган филиалида киришилди.
ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН ТИББИЁТЧИЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ
Маълумки, 2022 йилнинг 26 январида Ўзбекистон Руспубликаси Президентининг "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Бундан кўзда тутилган мақсад аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилишдан иборатдир.
Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, қисқа фурсатда бу борада дастлабки ижобий қадамлар ташланмоқда. Эътиборли жиҳати қўшни давлат тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик меморандуми асосида биргаликда фаол фаолият олиб бориляпти.
Яқинда вилоят кардиология марказига қозоғистонлик олий тоифали неврохирург Минжилқи Бердихўжаев ташриф буюрди. Олмаота марказий клиник шифохонаси вакили тантанали кутиб олингач, "Уйқу артерияларини стендлаш"га бағишланган илмий-амалий конференцияда Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, вазирнинг ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари бўйича ўринбосари Улуғбек Собиров ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовлар ҳам ҳозир бўлишди.
- Муҳтарам Президентимиз тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарамоқдалар, - дея таъкидлади Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов.- Бюджетдан ажратилаётган маблағлар миқдори фоизлар эмас, каррасига оширилмоқда. Шунинг учун тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасига етказишга, маррани ҳамиша баланд олишга бурчлимиз. Бугунги имзоланадиган меморандумни халқаро ҳамкорликнинг навбатдаги намунаси дейишга тўла ҳақлимиз.
- Ишимизни вертикал йўналишда ташкил этишимиз шарт, -дея уқтирди Республика Соғлиқни сақлаш вазир ўринбосари Улуғбек Собиров. - Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари, профессорларининг қадами пойтахтдан-вилоятга-шаҳарга-туманга ва охири маҳаллаларгача етиб боришини йўлга қўйганмиз. "Маҳаллабай" ишланса, ҳар бир мижоз шифокорлар назоратида бўлади. Соғлом турмуш тарзи тўла шаклланса, касаллинишлар янаям қисқаришига эришамиз.
Кардиология маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ҳурматли меҳмон - Минжилқи Бердихўжаевга зар чопон ва Чуст дўпписи кийгизди. Қозоқ шифокори бундай ўзбекона сийлов учун катта миннатдорчилик изҳор этди. Сўнгра ўзаро ҳамкорлик меморандуми тантанали суратда имзоланди.
Яхши биламизки, қозоғистонлик кардижарроҳлар билан аввалдан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган, борди-келдилар изчил йўлга қўйилган Бу сафаргиси эса неврохирург. У ўз соҳасининг чинакам устаси. Яъни Қозоғистон тиббиёт университетида сабоқ олган. Россия, Германия ва Испания мамлакатларида малака-маҳоратини оширган. Неврожарроҳликда катта тажриба соҳиби сифатида дунёга танилган.
Конференция залига нафақат шу марказ шифокорлари, яна вилоят, шаҳар ҳамда туманларда хизмат қилаётган кардиолог ва неврологлар ҳам таклиф этилган эдилар. Уларга слайдлардан фойдаланган ҳолда қозоғистонликликларнинг илмий-амалий тажрибаси ҳақида олий тоифали неврохирург Минжилқи Сайлоувич сўзлаб берди. Уйқу артерияларини стендлаш амалиёти ва артерио-веноз мальформациясини интервенцион усулда бартараф этиш йўллари тўғрисида янгидан-янги қимматли маълумотларни келтириб, маҳорат сабоғини якунлади.
Куннинг иккинчи ярмида марказнинг рентгенэндоваскуляр бўлимида уч нафар бемор миясида ғоят нозик ва мураккаб операция қозоғистонлик ва наманганлик мутахассислар томонидан муваффақиятли уддаланди. Бошқача айтганда, меҳмон мезбонлар ёрдамида юқори технологияли амалиётни ўз маҳоратини кўрсатиш ва ўргатиш асносида бажарди.
Жумладан, Наманган шаҳрилик 62 ёшли Зокиржон Иброҳимовнинг уйқу артериялари стендланди. У атеросклерозни бошдан кечираётган, гипертония касаллиги юқори даражада эди.
Шунингдек, 72 ёшли Воҳиджон Зокиров бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан озор чекиб келарди. Бу чап каротид ҳавзасида ишемик инсультдан кейинги ҳолатдир. Унда тромбоэкстрация амалиёти ўтказилди.
- Бугунги юқори технологик, кам инвазив жарроҳлик амалиётлари мия инсультининг, ногиронликнинг олдини олади, ҳатто инсультдан кейин ногирон бўлиб қолиш ҳолатларини камайтиради, - дейди даволовчи врач, интервенцион-кардиолог Саиджон Ғуломов. - Масалан, учинчи бемор - 46 ёшли Тўлқин Мамадалиев артериовеноз мальформацияси ташхиси билан ётқизилган эди. Янаям аниқроғи, унинг миядаги артерия ва вена қон томирлари туғма бир-бирига чирмашиб кетган. Ҳозирга келиб, қон айланиши бузилган. Қонида кислород ва карбонад ангидрид қўшилиб, аралашиб оққани учун кўнгли айниш, хушидан кетиш, сурдирги юз берган. Мальформацияни бартараф этиш - эмболизация амалиёти қўлланди. Соддароқ тушунтирсак - қўл ёки оёқ томири ичидан микросфера - митти-митти шарикчалар жўнатилади. Ниҳоят анамал томирлар ёпилиб, қон йўллари тўғриланади. Агар шу амалиёт кечикилса, геморогик инсульт рўй бериши аниқ.
Врачнинг шарҳидан аёнлашдики, бугунги уч операция беморларнинг ҳаётига чанг солиб турган хавфни даф қилди. Уларни умрига умр қўшди. Соғлом яшаш имкониятини туғдиради. Шунинг учун қимматли янгиликни бундан буён рентгенэпдоваскуляр бўлимида изчил қўллаш, юрак-қон томирлари билан бирга мия қон томирларидаги нуқсонларни ҳам бартараф этиб бориш чора-тадбирлари кўрилаверади.
Содиқ САЙҲУН.