Алишер Навоий номли Наманган вилояти мусиқали драма театрида намойиш этилган саҳна асарининг томошабинлари соғлиқни сақлаш ходимлари бўлишди. 500 нафарга яқин шифокорлар, ҳамшира-ю кичик тиббиёт ходимлари маънавий озуқа олишди.

Маънавий-маърифий тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида қайд этилган устувор вазифаларга эътиборни қаратди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов тиббиёт жамоатчилиги ва аҳолига мурожаат билан чиқди.

Нотиқлар соҳа ишини янги босқичга кўтариш, ислоҳотлар самарадорлигига эришиш ва халқ дардига дармон бўлиш учун саломатлик посбонлари янада қатъият, масъулият ва фидойилик билан фаолият кўрсатишлари зарурлигини таъкидлашди.Тизимда учраб турган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш ва коррупцион ҳолатларга барҳам бериш учун ҳамжиҳатликда курашиш муҳимлиги айтилди.

Шундан кейин тадбир қатнашчилар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбековнинг "Аризасига кўра" асари асосида саҳналаштирилган "Виждон амри" номли спектаклни тамоша қилдилар. Замон шиддатини теран англаб етган бирлашма бош директори Қудрат Ботиров ишдан бўшаш ҳақида ариза беради. Болаликдан қадрдони, ҳоким вазифасида ишлаётган дўсти Шариф Раҳимов аввалига ундан ранжиган бўлса-да, кейин уни қўллаб-қувватлади. Ботировнинг хотини, олима Зуҳра ҳам, қизи Зумрад ҳам уни тушунишди. Биргина ўғил - бўлажак олим Шуҳратнинг отанинг ишдан бўшашига салбий муносабати Ботировнинг ўлимига олиб келди... Мазкур психологик драмада театрнинг етакчи санъаткорлари билан ёнма-ён театр ёшлари ҳам турли ролларни ижро этишган.

Вилоятда тиббиёт ходимларининг маданий ҳордиқ чиқариши тизимли равишда ташкил этилмоқда. Апрель ойининг биринчи ярмида санъаткорлар туманларда бўлиб, соғлиқни сақлаш ходимлари ҳузурида қатор саҳна асарларини намойиш қилишлари режалаштирилган.

Абдулла ҒОЗИЕВ.