"Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" шиори остидаги тиббий тадбирлар қамрови тобора кенгайиб бораётир. Уйчи туманида кечган жараёнлар бунинг яққол далили.
Маданият маркази бир кунга фаолият доирасини ўзгартириб, улкан тиббиёт масканига айланди. Ҳовлида соғлом овқатланиш, юқумли касалликлардан сақланиш, айниқса ОИТСдан муҳофазаланишга оид кўргазмалар ташриф буюрувчилар эътиборини тортган бўлса, фоеда республика ва вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари мутахассислари чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни олиб боришди. Залда вазирлик раҳбарияти иштирокида сайёр қабул уюштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов ва вазир ўринбосари Улуғбек Собиров, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоий фаоллигини ошириш маркази раҳбари Барно Одиловалар саломатлигини тиклаш умидида келган ўнлаб фуқароларнинг мурожаатларини тинглашди. Беморлар ва уларнинг яқинлари талаб ва истаклари бирма-бир эшитилиб, кўтарилган масалаларни зудлик билан бартараф этиш чоралари изланди.
- Яратилган имкониятдан беҳад мамнун бўлдик. Халқ саломатлиги ҳақида қайғуриб, вазирлик мутасаддиларининг ҳузуримизга келишгани жуда яхши бўлди. Набирам Муҳаммадюсуфни безовта қилаётган дард-чов чурраси вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти йўли билан бартараф этиладиган бўлди, - дейди Маҳбубахон Жўраева.
Ўттиздан зиёд киши ўзини ташвишлантираётган масалаларни айтиб, қабул ташкилотчиларидан мадад сўради. Мурожаатлар тегишли йўналишлар мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, вилоят ва республика шифохоналарида соғломалаштириш ишлари олиб бориладиган бўлди.
Очиқ, ошкора ўтган қабул чоғида фидойи ва фаол тиббиёт ходимлари шаънига илиқ фикрлар билдирилди. Шу билан бирга соҳа ишига тўсқинлик қилаётган муаммолар, айниқса айрим соғлиқни сақлаш ходимларининг номаъқул хатти-ҳаракатларига оид фикрлар ҳам ўртага ташланди. Амрилло Иноятов фуқароларга ўз телефон рақамини бериб, вазирлик ҳар қандай салбий ҳолатларни бартараф этишда аҳоли билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигин билдирди.
Мамлакатимизнинг номдор шифокорлари томонидан олиб борилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик узоқ давом этди. Унда 300 нафарга яқин киши иштирок этиб, соғлиғи ҳолатидан воқиф бўлди. Даволаниш бўйича мутахассислардан тегишли тавсиялар олишди.
Акушер-гинекологлар фаолият олиб бораётган стол атрофи ғоят гавжум эди. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази олий тоифали шифокори Шаҳло Суюнова ва вилоят перинатал маркази мутахассиси Ҳурматой Турдиллаевалар аёлларни навбатма-навбат мулоқотга чорлашяпти. Фароғат Холдорованинг "арзи"ни тинглашгач, уни УТТ текширувидан ўтишга йўллашди. Бемор тез фурсатда қўлида текширув натижалари билан шифокорларга юзланди. Таҳлиллар синчликлаб ўрганиб чиқилгач, касалликка аниқ ташхис қўйилди.
- Давлатимиз раҳбарига ўз ташаккуримизни билдирамиз. Биз аёллар саломатлигини сақлаш масаласига ғоят устувор аҳамият бериляпти. Таниқли шифокорларнинг кўрсатаётган хизматлари боис, дардимиз барвақт аниқланиб, самарали даволаш чоралари кўриляпти, - дейди Ф. Холдорова.
Бу каби миннатдорчилик сўзлари педиатрлар, кардиологлар, эндокринологлар, онкологлар, жарроҳлар ва бошқа соҳа шифокорларига ҳам кўп бор айтилди. Мазкур тиббий тадбир уюшқоқлик билан ўтказилди ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Халқ бахту саодати йўлидаги эзгу амаллар эса бардавомдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.