Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ишчи гуруҳи вилоятимизда бўлди. Таниқли шифокорлар, олим ва мутахассислардан иборат гуруҳ соҳа ишини янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини муттасил ошириш бўйича зарур амалий кўмак берди.
Бинобарин, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вакилларининг фаолияти айниқса диққатга сазовордир.
Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гулноза Ҳамидуллаева Ғайрат қишлоғидаги маҳалларни кезди. Биз таниқли саломатлик посбонини Бойоғон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Навбаҳор кўчасидаги 33-хонадонда учратдик. У 33-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Сайёра Дўстбоева, ЭКГ ҳамшираси Саидахон Жумаевалар билан биргаликда узоқ вақтдан бери сурункали касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган Фотимахон Акбарованинг саломатлигини тешириб кўраётган эди.
Беморнинг қон босими ўлчанди. Тегишли тиббий хулосалар битилган ҳужжатлар ўрганилди. Олима ҳамроҳи - РИКИАТМ Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов билан хастаҳолни безовта қилаётган касалликдан фориғ қилиш бўйича фикрлашиб, уни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга, яна травматолог маслаҳатини олишга ҳам келишилди.
Шифокорлар шу билан кифояланишмади. Хонадон аъзолари билан соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан суҳбатлашишди. Мулоқот чоғида тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, ҳовлида тозаликни сақлаш, болаларни гигиена талабларига риоя этишга одатлантириш бўйича маслаҳатлар берилди.
Кейинги манзил туташ кўчадаги Қамбаровлар хонадони бўлди. Оқ халатли меҳмонларнинг кириб келиши саксон беш ёшли Раҳимахон аяни беҳад қувонтириб юборди. Ахир ҳар доим ҳам пойтахтдан ва Намангандан шифокор олимлар келавермайди-да бу уйга. Зудлик билан нуронийга тиббий хизмат кўрсатилди. Табаррук ёшдаги инсоннинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун тавсиялар берилди. Уни ташқи муҳитда сайр қилдириб туриш жуда муҳимлиги айтилди.
- Юртимиз тинч бўлсин, элпарвар давлатимизга кўз тегмасин, халқ соғлиғи ҳақида қайғураётган шифокорларнинг ўзлари ҳам омон юришсин, - дея дуога қўл очди Раҳимахон ая.
Шу орада уй бекаси Манзурахон опа ҳам қон босими кўтарилиб кетаётганлигидан шикоят қилди. Тажрибали кардиологлар аёл саломатлигини текшириб кўриб, унга ҳам зарур дори-дармонлар тавсия этишди ва дори воситалари оилавий поликлиника томонидан бепул берилишидан ҳам бохабар қилишди.
Шу тариқа уйма-уй кириб, дардман кишилар ҳолидан манзилли равишда хабар олишди. Бемор Икромжон Машраббоев, унинг онаси Бувиниса аянинг саломатлиги кўрикдан ўтказилаётганда қўшни аёл ҳам юрак ҳуружи безовта қилаётганлигини билдирди. Профессор Гулноза Ҳамидуллаева унинг соғайиши учун қандай турмуш кечириши лозимлигини айтиб, ичилиши зарур бўлган дори-дармонларни буюрди.
- Бугун тиббий текширувдан ўтказилган инсонларнинг аксариятида юрак-қон томир касалликлари кузатилди. Бу ташвишли ҳолат. Одамларнинг соғлом турмуш тарзига ўргатмасдан, соғлом овқатланишга одатлантирмасдан туриб кутилган мақсадга эришиш жуда қийин, - дейди профессор Г. Ҳамидуллаева.
- Президентимизнинг "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарори бежиз қабул қилинмади. Мазкур ҳужжатда касаллик профилатикасига алоҳида урғу берилган. Жумладан, бирламчи бўғинда фаолият юритувчи оилавий шифокорлар ишини соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг протоколига асосланган юрак-қон томир касалликлари хавфстратификациясини баҳолаш учун мобил илова яратилди.
Айни пайтда мобил иловани амалиётга татбиқ этиш Уйчи туманидан бошланди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вакили, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодир Ирисов бирламчи бўғин муассасаларида бўлиб, янги воситани ўрнатиш ва шифокору ҳамшираларга ўргатиш юмушлари билан банд.
Янгиликнинг аҳамияти шундаки, бу усул юрак-қон томир касалликлари хавфини барвақт аниқлашда ғоят қўл келади. Энг муҳими, мобил иловадан нафақат врачлар, ҳатто ҳамширалар ҳам фойдаланишлари мумкин.
Абдулла ҒОЗИЕВ.