Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида соғлом турмуш маданиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланиб, бу борада ижобий натижаларга эришган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, хусусан бу тажрибани пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда бошланиши айтиб ўтилган эди. Айни пайтда ушбу улуғвор вазифани ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Бир неча кундирки, тумандаги бирламчи тизим ходимлари вилоят даволаш-профилактика муассасаларидан сафарбар этилган ҳамкасблари билан биргаликда астойдил ишга киришганлар. Сурункали касаллиги бор инсонлар хонадонларига кирилиб, тиббиётга оид муаммолар ўрганилмоқда. Хастаҳол кишилар рўйхати шакл­лантирилиб, уларни туман, вилоят ва мамлакат миқёсида соғломлаштириш чоралари белги­ланяпти.

Ушбу суратларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилояти филиали шифокорларининг Уйчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси билан "Ҳуррият" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга ошираётган хайрли фаолияти акс этган. Саксон тўрт ёшли Аҳмаджон ота Нажмиддинов оғир хасталикка чалинган. Бетобнинг уйи­га бир гуруҳ тиббиёт ходимларининг кириб келиши нуроний учун кутилмаган воқеа бўлди. Шифокор Камрон Анваров беморнинг саломатлигини кўздан кечириб, тегишли тавсияларини берди.

Амур Темур кўчасидаги 14-уйда яшовчи кексаларнинг саломатлиги ҳам текшириб кўрилди. Меҳнат фаҳрийлари Қамбархон ая Халилова ва Набижон ота Мамадалиевлар тажрибали шифокорларга ўзларини безовта қилаётган касалликлар ҳақида айтишди. Тегишли таҳлилларни кўрсатишди. Хонадонга ташриф якунида РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижонов табаррук инсонларни соғломлаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Жумладан, Набижон отани компьютер тамографияси текширувидан ўтказиш масаласи ҳал этилди. Қариялар миннатдорчилик билдиришиб, дуога қўл очишди.

Беруний маҳалласида ҳам кенг қамровли саломатлик тадбирлари амалга оширилмоқда. РШТЁИМ вилоят филиали ҳамда КТМП вакиллари тиббиётга оид муоммоларни изчил ўрганишяпти.

- Эрталабдан бери ўндан ортиқ хонадонларга кирдик, - дейди "Тез тиббий ёрдам" хизмати "Лола" шохобчаси раҳбари Ботиржон Умаров. - 6 кишини безовта қилаётган касалликлар рўйхатини шакллантирдик. Бир нафар беморни республика клиникасида даволанишга юборилиши кўзда тутилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.