Жорий йилда "Маҳорат дарслари" республика олим-мутахассислари томонидан изчил олиб борилаётгани наманганлик тиббиётчиларнинг ютуқлари кўпайишида муҳим роль ўйнаяпти.

Бу галги сабоқлар юқумли хасталикларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволашда юқори натижаларни таъминлашга қаратилди. Республика вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабоев раҳбарлигидаги гуруҳ вилоятда икки кун давомида фаол иш юритди. "Маҳорат дарслари" мавзуси юқумли касалликларга қарши курашни янада такомиллаштиришга бағишланди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига шаҳар ва туманлардаги инфекционист врачлар таклиф этилдилар.

Дастлаб республика вирусология илмий-текшириш институти ходими, тиббиёт фанлари доктори Муаззам Абдуқодирова "Жигар циррозини даволаш ҳақида" маъруза қилди. У касалликни эрта аниқлаш, ташҳисни тўғри қўйиш, амбулатор ва стационар даволашни босқичма-босқич амалга ошириш учун тиббиётдаги энг замонавий усулларни қўллаган ҳолда қандай дори-дармонлардан фойдаланиш хусусида қимматли тавсиялар берди.

Энг муҳими, беморларнинг қийналишига йўл қўймаслик, кераксиз, ортиқча текшир-текширларга юборавериш ўрнига уларнинг дардини эринмасдан ўрганиб, энг зарур таҳлилларни таққослаб тўғри ташҳис қўйишда нималарга эътибор қаратиш зарурлигини слайдларни кўрсатган ҳолда тушунтирди. Саволларга жавоблар чоғида мавжуд муаммоларни бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда ҳал этишнинг энг мақбул йўллари изоҳлаб берилди. Хулоса шу бўлдики, врачларнинг юқори малакаси хавфли вирусларга қарши барвақт курашиш билан жигар циррозининг олдини олиш имконини беради.

Институтнинг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Аллоберган Бойжонов ВИЧ инфекциясига қарши курашни кучайтириш масаласига барчанинг эътиборини қаратди. Шифокорларнинг масъулияти бу борада ғоят юқори бўлиши алоҳида таъкидланди.

Айниқса институт директори, тиббиёт фанлари доктори Эркин Мусабоевнинг юқумли касалликларни даволашнинг долзарб масалаларига бағишланган маърузаси мароқ билан тингланди. Қизғин савол-жавоблар чоғида мавжуд муаммолар ва уларни муваффақиятли ҳал этишнинг энг мақбул йўллари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тошкентдан ташриф буюрган олим-шифокорлар нафақат назарий сабоқлар беришди, балки вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги муолажалар билан ҳам танишишди. Беморларни даволашда қимматли маслаҳатлар беришди. Уларнинг амалий ёрдамларидан самарали фойдаланилди.

"Маҳорат дарслари"да вилоят со­­­­ғ­лиқ­ни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов қатнашди.

Содиқ САЙҲУН.