Ёхуд пойтахтдан келиб вилоятимизда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказаётган олим шифокорлар беморлар олқишига сазовор бўлишмоқла.

Мамлакатимизда аҳоли сиҳат-саломатлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, вилоят марказидан олис ҳудудларда, чекка қишлоқларда яшаётганларга тиббий хизмат кўрсатишда ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Бугун оддий поликлиника врачларининг қадами етмаган жойларда олим-шифокорлар, ҳатто профессорлару доцентлар ҳозир бўлишмоқда. Вилоятимизда саломатлик кунлари доирасида пойтахт­дан келганлар чекка қишлоқ ва маҳаллаларда одамларни тиббий кўрикдан ўтказиш орқали уларнинг касалликларини барвақт аниқламоқдалар. Касаллик даражаси юқори беморлар марказий шифохоналарда малакали врачлар иштирокидаги операция йўли билан муваффақиятли даволанмоқдалар. Шундай жарроҳлик амалиётлари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида беш йўналишда бажарилди.

Поп туманинг Анҳор маҳалласида яшовчи 47 ёшли Сайёра Пайганова узоқ вақт гинекологик муолажалар билан даволаниб юрган эди. Бироқ касаллиги яна хуруж бошлади. Сайёра опага кетма-кет 8 та уколь қилинса-да оғриқ чекинавермади. Замонавий аппаратларга туширилиши орқали ҳамда шифокорларнинг жиддий текширувлари натижасида касаллик ташхиси ойнадай аён бўлди. Бел чуррасидаги силжиш аниқланди. Беморни дарддан халос этиш учун тиббиёт фанлари номзоди, неврохирург Жалолиддин Бобоев бошчилигида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Абдужалил Нурматов, Оқилхон Алиханов каби врачлари жарроҳлик амалиётини сифатли якунлашди.

Наманган шаҳридаги 59-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Муҳриддин Носиров кичиклигидан бери бош оғриғидан азоб тортиб, даволаниб юрарди. Унинг бахтига саломатлик кунларида тошкентлик моҳир шифокорлар кўригидан ўтиш насиб этди. Бош мия асосида сувли ўсма борлиги аниқланди. Моҳир неврохирург Жалолиддин Бобоев унинг ҳам жонига оро киритишга қарор қилди. Беморда зарур жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шифохонанинг травматология бўлимида ҳам Республика ихтисослаштирилган травматология-ортепедия илмий-амалий тиббиёт маркази катталар травматологияси бўлими раҳбари Азиз Алимов бошчилигида операция олиб борилди. Билак суягининг бошчаси эзилиб, синиши оқибатида тирсак суягининг бошчаси чиқиб кетган, оёқнинг икки болдир суяклари очиқ синган беморларда янги технологик усулларда тезкор билан жарроҳ амалиёти ўтказилди. Кам инвазив ҳамда кичик кесиш билан суяклар тикланди. Ҳар икки бемор ҳам икки-уч ойдан кейин суяклари битиб тузалгач, аввалгидек фаол ҳаётга қайтади.

Бу жарроҳлик амалиётларида иштирок этаётган маҳаллий шифокорларимиз малакаси ҳам янада ошиб бормоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.