Инсон танасининг ҳеч бир аъзоси шикастланмасин экан. Тўрт ўғилнинг онаси уйчилик Насиба опа ҳам яқин бир йилдирки кутилмаган...
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида мутахассис шифокорлар кўриги, турли тиббий диагностик текширувлардан сўнг, чап оёғида суяк ўсмаси борлиги аниқланди. Марказ врачлари томонидан ўз вақтида олиб борилган муолажалар туфайли суякдаги чиришнинг олди олиб қолинди. Энди беморда жарроҳлик амалиёти хавфсиз ўтказилиши мумкин.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан вилоятимизда бошланган "Саломатлик акцияси" Насиба опанинг ҳам дардларини аритиб, умрига умр қўшиш учун янги имконият яратди. Ғоят қувонарлиси эса акция доирасидаги мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётида мутахассислар опанинг оёғини кесмасдан сақлаб қолишди.
- Яхшиям бахтимизга қўли енгил шифокорлар бор экан, - деди опа биз билан суҳбатда. - Таниқли врачлар келганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шунинг учун ҳам операцияга ҳеч чўчимасдан, халоскорларимга ишонч билан киряпман...
Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, онколог-жарроҳлар бугун илк бор Наманганда таянч ҳаракат тизими билан боғлиқ ўсма беморларини дарддан фориғ қилишга астойдил тер тўкишди.
- Шифокорнинг вазифаси беморнинг дардига малҳам бўлиш, ҳаётини яхшилаш ва касалликдан халос қилиш. Шу маънода бемор Н. Онорова ҳамда бемор А. Жабборовларнинг оёқларини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки, протез оёқнинг ўзига яраша маълум бир қийинчиликлари бор, - дейди РИО ва РИАТМ таянч ҳаракат тизими ўсмалари бўйича жарроҳ Баҳридил Султонов.
РИО ва РИАТМ илмий бўлим раҳбари тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Абдукаримов, жарроҳ Баҳридил Султонов, наманганликлик мутахассислар Исроилжон Мирзавалиев, Муҳаммаджон Абдулҳамидовлар биргаликда Н. Оноровада ҳамда бемор А. Жабборовда орган сақловчи юқори технологик жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажаришди.
- Филиалда янги турдаги оғриқсизлантириш усули қўлланиляпти, - дейди реанимация бўлими мудири Бахтиёр Саматов. - Олдинлари умумий оғриқсизлантириш қилинган бўлса, ҳозирда бемор ҳушида бўлади. Орқа мия анестезияси билан бирга мультимодаль анестезия усулини қўллаяпмиз.
Дарҳақиқат, бир куннинг ўзида 4 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Шунингдек, РИО ва РИАТМнинг таниқли мутахассислари Ш. Хатамов, Р. Бекмирзаев, С. Пўлатов, Б. Корахўжаевлар маҳаллий онколог-врачлар ҳамроҳлигида Уйчи ва Чортоқ туманларида 50 нафардан зиёд беморни ҳам тиббий кўрикдан ўтказишди. Уларга керакли маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Манзура ЭРГАШЕВА.