Давлатобод туманидаги вилоят Маданият марказида хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокида анжуман ўтказилади. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш, аккредитациялаш, тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда нодавлат тиббиёт ташкилотларига қонунчиликдаги янгиликлар, тиббий фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ талабларга киритилаётган ўзгартиришлар, хусусий клиникаларнинг рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда соҳага оид бошқа масалалар бўйича маслаҳатлашиб олиш мақсадида ташкил қилинганди.
Ўқув анжумани қатнашчилари дастлаб марказ фаесида замонавий тиббий технологиялар бўйича кўргазма билан танишдилар. "Информ РИА сервис" МЧЖ томонидан мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ўнлаб таъминотчи компанияларнинг вакиллари Наманганга таклиф этилган эди.
Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Расуловнинг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг хусусий тиббиётга дахлдор Қарорлари ва тегишли қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар" ҳақидаги маърузаси тингланди.
"Информ РИА сервис" МЧЖ директори Т. Бесмертний мамлакатимизга олиб келинаётган замонавий тиббий жиҳозларни диагностика ва даволашга татбиқ этиш ва қўллаш ҳақида гапирди. Анжуманда қатор компаниялар вакиллари сўзга чиқиб, янги тиббий жиҳозларни етказиб бериш хизматларини таклиф этишди.
Анжуман давомида мутахассислар хусусий шифохоналарда инфекция тарқалишининг олдини олиш, санитария қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан тавсиялар, ОИВ касаллигининг аниқлаш учун қандай текширувлар ўтказилиши лозимлиги ҳақида маслаҳатлар беришди. Айниқса, стоматологик хизмат кўрсатишдаги ташвишли ҳолатга эътибор қаратилди.
Савол-жавоблар чоғида кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди. Фаолиятни такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш юзасидан фикрлашиб олинди.
- Бугунги анжуман бағоят фойдали ўтди, - дейди Чуст туманидаги "Nevro puls" МЧЖ раҳбари Музаффар Абдураҳмонов. - Бир неча кун аввал Президентимиз тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот чоғида хусусий тиббиёт тизимини ривожлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эдилар. Ана шу йўл-йўриқлар асосида нодавлат тиббиёт муассасалари ишини тубдан ривожлантириш учун нималарни билишимиз ва нималар қилишимиз лозимлиги ҳақида биргаликда кенгашиб олинди. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар кўргазмаси ташкил этилгани жуда маъқул келди. Биз яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун астойдил изланаверамиз.
Ўқув анжумани ниҳоясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов якунловчи нутқ сўзлаб, халқ дардига дармон бўлишда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамкорликда ва ҳамжиҳатликда иш олиб боришлари муҳимлигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, айни пайтда вилоятда 461 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 61 та хусусий клиника очилди. 18 та нодавлат тиббиёт муассасаси фаолиятини кенгайтирди. Энг муҳими, уларда 592 та янги иш ўрни яратилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.